Муҳриддин Холиқовга ҳавас қилиб...
Алишер Халилов 1988 йил, 21 февралда Тошкент вилояти, Олмалиқ туманида туғилган. Санъатга бўлган қизиқиш беш ёшлигидан пайдо бўлган. Алишер Халиловнинг келажакда санъатни танлашига онаси туртки бўлган. Қолаверса, у 12-13 ёшлигида марҳум устоз санъактор Муҳриддин Холиқовнинг қўшиқларини тинглаб, келажакда у каби серқирра ижод қилишни, халқчил қўшиқлар яратишни мақсад қилиб қўярди. Алишер мактаб ва туманлараро ўтказилган барча тадбирларда фаол иштирок этарди.
2010 йилда бўлиб ўтган “Ўзбекистон сени куйлайман” номли фестивалнинг вилоят босқичида мақом йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни эгаллади. 2010 йилда бўлиб ўтган “Ягонасан муқаддас ватан!” кўрик танловининг Республика босқичида 3-ўринни эгаллади.
2006 йилда Ҳамза номли мусиқа коллежининг анъанавий хонандалик бўлимини битириб, ҳужжатларини Ўзбекистон Давлат санъат институтига топширди. Соғлиғи панд бериши туфайли институтдаги ўқишни ташлашга мажбур бўлган Алишер Ҳалилов, икки йилдан сўнг яна омадини синаб кўришга аҳд қилди. Икки йил давомидаги изланишлари самараси ўлароқ, Алишер бу гал Ўзбекистон Давлат санъат институтига гранд асосида ўқишга қабул қилинади.
Алишер Халилов Турсуной Исмияминова, коллежда Ҳуррият Исроилова, институтда Ўлмас Расулов, Боир Ҳолимирзаев сингари устозлар қўлида мусиқа сирларидан сабоқ олди.
Алишер Халилов ижодини бошлаганига ҳеч қанча вақт бўлмай, бугунгача “Шайдо”, “Лайло”, “Келинчак”, “Сенсиз мен танҳо”, “Келинчак”, “Аёл”, “Фарғонанинг йўллари”, "Шунга шунчами" ва "Кабутарим" каби қўшиқларни куйлади.
Алишер Халиловнинг санъатга кириб келишдан мақсади камтарона ижоди билан ўзбек миллий ва замонавий эстрада қўшиқчилиги санъатига оз бўлсада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишдир...
Қалби санъатга ошуфта бўлган ёш хофиз ўз дилидагиларни самимий тарзда ифода этди: -Муҳриддин ака замонида ижод қилмаганимдан, у кишидан бевосита таьлим олмаганимдан афсусланган пайтларим бўлган. Аммо менга бир нарса далда беради, устоз Муҳриддин ака орамизда бўлмасаларда, у инсоннинг муносиб шогирди, маслаҳат олишим учун мен ҳавас қилган Озодбек Назарбеков бор. Озодбек Назарбековга овозим ўхшаганлиги учун, кўпчилик мендан у кишидан таьлим олиб турасанми, дея сўрашади. Менинг жавобим эса шундай: Устознинг ҳар бир яратган тароналари мен учун таьлим - очиқ дарс вазифасини ўтайди. Фурсатдан фойдаланиб ғойибона устозим Озодбек акага чин дилимдан соғлик тилаб, ўз миннатдорчилигимни билдираман!