2014 йилнинг август ойида усталар Қоҳирадаги Миллий музейни таъмирлаётганларида тасодиф туфайли қадимги Миср фиръавни Тутанхамон олтин ниқобининг соқол қисмини синдириб қўйишган эди.

Улар ҳеч ким билмасин деган ниятда соқолни ўз билганларича елимлашди. Бироқ елим оддий бўлгани сабаб унинг асоратлари тез орада фош бўлди. Бу ўз навбатида катта шов-шувларга олиб келди. Айни дамда Кристиан Экман раҳбарлигида германиялик ва мисрлик мутахассислар фирьавн ниқобини реставрация ишларини олиб бормоқда. Реставрация жараёни икки ой давом этади. Бу ҳақда ўтган ҳафтада Лойиҳа раҳбари баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда таъмирлаш ишлари икки босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда ёмон елимланган соқол кўчирилади ва қайта ниқобга елимланади. Иккинчи босқич эса анча мураккаб бўлиб, унда ниқоб қандай материаллардан ишлангани ўрганилади. Мухбирларнинг маълум қилишича, айни дамда Миср рамзи бўлмиш ниқоб музейнинг ойнали витринасидан олиниб, махсус бинога қўйилди.

Эрамиздан аввалги 1332-1323 йилларда хукмронлик қилган Тутанхамоннинг дафн маросимида ишлатилган олтин ниқоб Шохлар водийсида тадқиқот ишларини олиб бораётган британиялик олим Ҳовард Картер томонидан 1922 йилда топилган эди. Ниқоб олтин ва лазуритдан ишланган бўлиб, 19-ёшли фирьавннинг юзини акс эттириши айтилади. Тобут эса талон тарож қилинмаган эди.

2007-2009 йилларда Миср ва Ғарб олимлари энг замонавий жиҳозлар ёрдамида қадимги фиръавнларнинг мўмиёларини ўрганишди. Айримлар Тутанхамон Эхнатоннинг ўғли бўлган деса, бошқалар унинг отаси Сменхкара эканини айтишади. Бу фиръавн Эхнатоннинг укаси ёки ўғли экани тахмин қилинади. 2007-2008 йилги тадқиқотлар натижалари 2010 йилнинг 17 февралида эълон қилинди. Ўшанда олимлар Тутанхамоннинг отаси фиръавн Эхнатон эканини аниқлашган эди. Бироқ, айрим мисршунослар бунга эътироз билдиришди. Уларнинг фикрича, ўрганилган эпиграфика маълумотларида Эхнатоннинг фарзандлари орасида Тутанхамоннинг сурати акс этмаган. Шунинг баробарида, унинг онаси ким бўлгани ҳам аниқланмаган. Шуниси аниқки, унинг ўгай онаси бўлмиш Нефертити ўз даврининг энг гўзал ва нуфузли аёли бўлган эди. Тутанхамоннинг ёнига унинг рафиқаси ёки онаси дафн этилган бўлиши мумкин. Олимларнинг фикрича 19 ёшида вафот этган фиръавн ўгай онасига мўлжалланган қабрга дафн этилган бўлиши хам мумкин экан. Шу сабабли унинг қабри атрофи тадқиқот қилиниши лозим.

Ёшлигида Атон илохи шарафига Тутанхатон (“Атон сингари тирик”) деб аталмиш шахзода 10 ёшида тахтга чиқди. Отасининг ўлимидан кейин ўз номини Тутанхамон, Амон сингари тирик, деб ўзгартирди. 9 йиллик хукморонлигидан сўнг Тутанхамон 20 ёшга етмасдан номаълум касаллик сабаб сирли равишда вафот этади. Тахминларга қараганда Тутанхамон ўлдирилган бўлиши хам мумкин. Шунингдек, унинг аравадан йиқилиб тушиб, жарохат олгани боис вафот этгани хам айтилади. У Шохлар водийсига дафн этилган. Унинг Эйе томонидан уюштирилган фитна қурбони бўлгани борасида ҳам тахминлар мавжуд. Чунки айнан Эйе Тутанхамондан сўнг янги фирьавн бўлади.