Жаҳон | 11:29 / 18.05.2016
9772
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг Берлиндаги элчихонасида Эрдўғаннинг Гитлер образидаги сурати пайдо бўлди

Туркия Республикасининг Германия пойтахти Берлин шаҳридаги элчихонасида Ражаб Тайиб Эрдўғаннинг нацистлар етакчиси Адольф Гитлер қиёфасидаги суратини кўриш мумкин бўлди, деб ёзмоқда The Independent газетаси.

Хабарларга кўра, рассомлар турк раҳбарининг суратига Гитлернинг ўзига хос белгилари: икки ёни қисқартирилган мўйлов ва нацистлар қўлбоғини чизишган. Бундан ташқари, элчихонада «У қайтди» деган ибора ҳам пайдо бўлган. Тасвир  элчихона биносига бевосита осилмай, проектор воситасида намойиш этилган.

Нашрнинг аниқлашича, Pixel Helper немис гуруҳи фаоллари ушбу ғоя муаллифларидир. Улар ўзларининг акцияси билан Туркияда икки нафар журналистнинг қамалишига норозилигини изҳор қилишган. 

«Биз немислар диктатуранинг илк дамларида қандай бўлишини яхши биламиз. Нацистлар тузумининг дастлабки босқичлари ва Эрдўған Туркиясининг ўхшашлиги хавотир уйғотади», — деган гуруҳ аъзоларидан бири Оливер Биенковский.

Унинг қўшимча қилишича, Эрдўған «кеч бўлмасдан аввал тўхтатилиши лозим».

Бундан аввал, Эрдўған Гитлер даври Германиясини, президентлик бошқарувининг энг самарали намунаси деб баҳолаган эди.