Спорт | 01:40 / 19.05.2016
10186
3 дақиқада ўқилади

"Севилья" кетма-кет учинчи марта Европа лигаси ғолибига айланди (Видео+фото)

Англиянинг "Ливерпуль" ва Испаниянинг "Севилья" клублари ўртасида кечган Европа Лигаси финали испанларнинг ғалабаси билан якунланди.

Испанлар учрашув бошидан биринчи рақам остида ўйнашга ҳаракат қилишди, рақиб дарвозаси томон бир неча марта юриш қилишди. Аммо Клопп шогирдлари яхши ҳимояланишди. Улар майдонга ва рақибга мослашиб олишганидан кейин хавфли ҳамлаларни амалга ошира бошлашди. Кетма-кет ҳужумлар 35-дақиқада ўз самарасини берди. "Ливерпуль"нинг "учбурчак" кўринишидаги Фирмино-Коутиньо-Старриж комбинациясини Старрижнинг ўзи жуда чиройли тарзда якунлади. У чамаси 14 метрлардан чап оёғининг ташқи томони билан олис бурчакка айланма зарба бериб ҳисобни очди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, "Ливерпуль" иккинчи голни урди, аммо у Старрижнинг айби билан инобатга олинмади. Бурчакдан етказилган узатмага Ловрен бош билан зарба берди. Дарвозабон майдончаси офсайдда турган Старриж тўпга оёқ чўзди, аммо унга тегмади. Ҳужумчи дарвозабонни чалғитгани учун гол ҳисобланмади.

Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқасида Гамейро ҳисобни тенглаштиришга эришди. Руҳий устунликка эришган меҳмонлар 64-дақиқага келиб навбатдаги ҳужумни бошлашди. Витоло майдон марказида девор услубида ўйнаб, тўпни Кокега етказиб берди. Коке бу вазиятда Миньоле қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олиб жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай яна ўша Коке "Ливерпуль"нинг ҳимоядаги пала-партишлигидан фойдаланиб ҳисобни йириклаштирди. Учрашув 3:1 ҳисобидаги "Севилья"нинг ғалабаси билан якунланди.

Шу тариқа, "Севилья" кетма-кет учинчи марта Европа лигасининг бош совринини қўлга киритди. Жамоа келаси мавсумда Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқуни қўлга киритди. 

Европа лигаси, финал.
"Ливерпуль" - "Севилья" 1:3
Голлар:
Старриж 35, Гамейро 46, Коке 64, 70, 
Огоҳлантиришлар: Ловрен 30, Витоло 57, Банега 58, Орижи 72, Рами 77, Мариано 84, Клайн 90.

"Ливерпуль": Миньоле, Туре (Бентеке 82), Морено, Клайн, Ловрен, Милнер, Жан, Коутиньо, Лаллана (Аллен 73), Фирмино (Орижи 69), Старриж.

"Севилья": Сория, Коке, Рами (Колодзейчак 78), Эскудеро, Каррису, Банега (Кристофоро 90), Нзонзи, Витоло, Криховяк, Мариано, Гамейро (Иборра 89).