«Дунё уламолари мурожаати» нашр этилди
Унда бугунги кунимизнинг забардаст уламолари, динимиз мусаффолиги йўлида бор куч-ғайратини аямай хизмат қилаётган олимларнинг фатволари, маъруза ва мурожаатлари келтирилган.
«Турли бузғунчи кучлар инсонларни асл эътиқоддан адаштирмоқчи бўлиб турган бир вақтда ушбу долзарб китобнинг чоп этилиши бизни жуда хушнуд этди», - дейди Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин масжиди имом-хатиби Одилхон Исмоилов.
Китобда мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар келтирилган. Баъзи ёшларнинг Интернет тармоғида ташкил этилган радикал ғоявий тарғибот таъсирига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, уламолар томонидан берилган замонавий медиа воситалардан фойдаланиш одоблари баён этилган. Бу эса бугунги кун ёшлари учун ўта муҳим ва фойдалидир.
Мазкур китоб қуйидаги хусусиятлари билан муҳим аҳамият касб этади:
- террорчилар томонидан мусулмон кишини кофирликда айблаш, улар яшайдиган ҳудудларга қуролли ҳужум уюштириш, мусулмонларни ўз юртини тарк этиб, террорчилар сафига қўшилишга чақирувчи тарғиботи ислом манбаларига зид экани оят ва ҳадислар асосида фош этилди;
- террорчиларнинг фаолияти муайян сиёсий мақсадларга йўналтирилгани, ушбу жараёнда диндан одамлар онгига кучли психологик таъсир ўтказиш, уларни жангари фаолиятга ундаш, мусулмонлар орасида адоват қўзғаш, ўзаро душманга айлантириш мақсадида унумли истефода этилаётгани очиб берилди;
- номлари келтирилган шахслар ислом оламидаги энг нуфузли, барча томонидан эътироф этиладиган ва катта таъсир кучига эга уламолардир. Уларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа йўналишига мансуб.
Шунингдек, китобда юртимиз уламоларининг мавзуга алоқадор маърузаларидан намуналар келтирилди.
«Бугунги кунда ислом дини номидан ҳаракат қилаётган баъзи оқимларнинг муқаддас динимизга қилаётган душманликлари, мусулмонларнинг шаънига келтираётган нолойиқ ҳаракатларининг асл моҳиятини тушуниб етиш, мана шундай оқимларга қарши туришда бу каби манбаларга катта эҳтиёж сезамиз», - дейди «Хўжа Аламбардор» масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов.
Ўйлаймизки, ушбу китоб оқни қорадан, ҳақиқатни ботилдан ажратишда, исломнинг мўътадил ва муқаддас таълимотини тўғри англашда барча китобхонларимиз учун катта манфаат етказади.
Манба: ziyo.uz