Спорт | 00:40 / 22.05.2016
8556
2 дақиқада ўқилади

"Манчестер Юнайтед" Англия Кубогини қўлга киритди

"Манчестер Юнайтед" Англия Кубоги финалида қўшимча вақтда "Кристал Пэлас" устидан иродали ғалабага эришди ва жорий мавсумдаги Кубок соҳибига айланди. Учрашув Лондондаги "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтди ва 2:1 ҳисоби билан манкунианликлар фойдасига якунланди.

78-дақиқада "Кристал Пэлас" футболчиси Джеймс Панчеон ҳисобни очди. 3 дақиқа ўтиб "МЮ" футболчиси Хуан Мата ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа асосий вақт 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Қўшимча вақтнинг 1-тайми охирида "МЮ" ҳимоячиси Крис Смоллинг иккинчи сариқ карточка учун майдондан четлатилди. Манчестерликлар оз қолганларига қарамасдан, 110-дақиқада Жесси Лингарднинг ҳал қилувчи голи эвазига Кубокдаги ғалаба бахтига муяссар бўлдилар.

"МЮ" голландиялик мутахассис Луи ван Гал қўли остида биринчи унвонини қўлга киритди. Манкунианликлар бу совринни 12 маротаба олмоқдалар.

Англия Кубоги. Финал
Кристал Пэлас – Манчестер Юнайтед – 1:2 (қўш. вақт)
Голлар: Панчеон, 78 (1:0); Мата, 81 (1:1); Лингард, 110 (1:2).
Четлатиш: Смоллинг, 105 (Манчестер Юнайтед)

Кристал Пэлас: Хеннесси, Дэнн, Суаре, Уорд, Дилэйни, Единак, Кабай, Макартур, Заа, Болази, Уикхэм.

Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Блинд, Смоллинг, Рохо, Валенсия, Мата, Кэррик, Феллайни, Марсьяль, Руни, Рэшфорд.