Жаҳон | 11:14 / 24.05.2016
11503
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Байкал кўлида Орол денгизи тақдири такрорланиши мумкин

Байкал кўли тақдири экологик фалокат хавфи остида қолмоқда ва зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, бу ҳудудда ҳам Орол денгизи фожиаси такрорланиши мумкин. «Известия» нашрининг ҳукуматдаги ва етакчи компаниялардаги манбаларига асосланиб хабар беришича, бу кўл ҳам Орол денгизи каби қуриб қолиши мумкин.

"Мўғилистон томонининг Селенга дарёсида 3та улкан ГЭС қуриш бўйича режаси Байкал кўлининг ҳолатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Хитой банки бу янги гидроэлектростанциялар қурилишида ҳомийлардан бири бўлади ва инфратузилма учун 827 млн доллар ажратган.

Россия томони бу хавфни четлаб ўтиш учун йўл изламоқда.

Байкал - Ер юзидаги энг чуқур кўл бўлиб, унинг энг чуқур нуқтаси ер сатҳидан 1642 м пастда жойлашган.

Орол денгизи ўтган асрнинг 60-йилларида қурий бошлаган. Бунга Амударё ва Сирдарё сувлари экин далалари суғорилиши учун йўналтирилгани сабаб бўлган. 1989 йилда бу кўл икки қисмга ажралиб қолган: Шимолий (Кичик) ва Жанубий Орол денгизи (Катта). 2014 йили Жанубий орол денгизининг шарқий қисми бутунлай қуриб қолган.