Прокуратура маълумотларига кўра, Манфред Д. Ханнингга махфий маълумотларни узатиб турган, у эса ўз навбатида ушбу маълумотлардан консалтинг фаолиятида, жумладан, хорижий разведка ходимларига бериш учун фойдаланган. Гап қайси давлатлар ҳақида кетаётгани ҳамда Ханнинг Россияга маълумот берган-бермагани ҳозирча номаълум.
BBC хабарига кўра, 80 ёшли Ханнинг Шимолий Рейн-Вестфалияда, 64 ёшли Манфред Д. эса Баварияда қўлга олинди. Шу билан бир вақтда уларнинг уйида, шунингдек, Берлинда ҳам тинтувлар ўтказилди.
Август Ханнинг 1998 йилдан 2005 йилгача Германия Федерал разведка хизмати (BND) раҳбари бўлган, 2005 йил декабридан 2009 йил ноябригача эса Ички ишлар вазирлиги давлат котибларидан бири сифатида ишлаган. Манфред Д. бу давр мобайнида Ханнинг аппарати раҳбари сифатида фаолият юритган. 2012 йил мартидан 2026 йил мартигача эса у BND бошқа раҳбарлари аппаратига раҳбарлик қилган.
Прокуратура талқинига кўра, 2010 йил баҳорида Ханнинг Д.дан разведка маълумотларини тақдим этиб туришини сўраган. Разведканинг собиқ раҳбари бу маълумотлардан бойлик орттириш мақсадида ўзининг хусусий консалтинг фаолиятида фойдаланмоқчи бўлган.
Манфред Д. 2022 йил июнига қадар Ханнингга 2 мингтага яқин ҳужжатни топширган. Уларнинг аксарияти махфий бўлиб, фақат BND ичида фойдаланиш учун мўлжалланган эди. Ханнинг қўлга киритган маълумотлар BND раҳбарияти учун ва мамлакат олий раҳбарияти билан ўтказиладиган мунтазам брифингларда фойдаланиш мақсадида тайёрланган.
Прокуратуранинг таъкидлашича, ҳолатлардан бирида Ханнинг хорижий давлат махсус хизмати ходимининг буюртмасига биноан таҳлилий материал тайёрлаш учун Манфред Д.дан олинган махфий маълумотлардан фойдаланган. Идора гап айнан қайси давлат ҳақида кетаётганига ойдинлик киритмади.
Бундан ташқари, айблов томонининг маълум қилишича, Ханнинг бошқа бир хорижий махсус хизмат ходими билан ҳам фаол алоқада бўлган. BND собиқ раҳбари бир неча йил давомида уни қисман Манфред Д.дан олинган материалларга асосланган сиёсий маълумотлар билан таъминлаб келган.
Таъкидланишича, Ханнинг қўлига тушган ҳужжатларда, хусусан, Эрон ядро дастури ва Россия армиясига доир маълумотлар бўлган.
Ханнинг тахминан бир йил олдин бутунлай бошқа бир иш бўйича полиция эътиборига тушган эди.
2025 йил 16 сентябрда Мюнстер яқинидаги Нордвалде шаҳрида жойлашган уйида полиция тинтув ўтказди. Ўшанда Ханнингга тегишли «System360» хусусий қўриқлаш фирмаси стейкхауслар тармоғи эгаси Южин Блокнинг қизи Кристина Блокнинг фарзандларини ўғирлашга алоқадорликда гумон қилинган эди. Терговчиларнинг фикрича, Блок хоним собиқ эри билан бирга Данияда яшаётган икки нафар фарзандини (зарур ҳолларда куч ишлатган ҳолда) олиб келиш учун «System360»ни ёллаган.

















