Горбачёвнинг Украинага кириши тақиқланди
Собиқ сиёсатчи, Собиқ Иттифоқнинг илк президенти Михаил Горбачёвнинг Украина ҳудудига кириши тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизматидаги манбага асосланган ҳолда "112 Украина" телеканали хабар тарқатган.
«Украинской правды» маълумотига кўра, Горбачёвга 5 йил муддатга Украина ҳудудига кириш тақиқлаб қўйилган.
Горбачёвнинг Россия президенти Владимир Путиннинг Қримни қўшиб олиш қарори тўғри эканлиги ҳақидаги баёнотига расмий Киев шундай жавоб қайтарган.
Горбачёв The Sunday Times нашрига берган интервьюсида Қрим ва Севастополнинг Россияга қўшиб олинишини тўғри қарор деб билишини айтди. «Мен ҳар доим инсонларнинг эркини ёқлайман, Қримда эса кўпчилик Россияга қўшилишни истади», — деганди у.
Шунингдек, украиналиклар Порошенкодан Горбачёвни Нобель мукофотидан маҳрум қилиш ташаббусига қўшилишни сўрашган.