Ёшлик ва гўзаллик байрами
Универсиадани ёшлик ва гўзаллик байрами, дея таърифлашлари бежиз эмас.
Айни кунларда гўзал Фарғона шаҳрида давом этаётган “Универсиада – 2016” мусобақалари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талаба-ёшлари ҳаётида ҳам унутилмас воқеа бўлиб қолади.
Республикамиз олий таълим муассасалари талабаларининг "Универсиада" спорт мусобақалари аввало ёшларнинг нафақат жисмонан соғлом бўлишига, балки, маънавий етук бўлиб камол топишига ҳам хизмат қилади. Эртага юртимиз тараққиётини янада юксакроқ даражаларга олиб чиқадиган кадрлар ҳам мана шу авлоддир. Мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган бу анжуман йигит-қизларимиз қалбларида нафақат ўчмас қолдиради, балки, уларни янада жипслаштириб, маънан етук инсонлар бўлиб улғайишларига ҳам хизмат қилади. Шундай экан, "Универсиада – 2016" машъаласи барча ёшларимиз қалбида порласин ва у абадул-абад спортчилар мамлакатига айланиб қолаётган Ўзбекистон заминини мунаввар айлайверсин.
Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига” йўллаган табригида, Универсиада беллашувлари Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик байрами арафасида бўлиб ўтаётгани унга чуқур мазмун ва кўтаринки руҳ бағишлаётгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, бу анжуман ўзининг байрамона руҳи ила барчамизга янада кўтаринки руҳ бахшида этмоқда.
Айтиш жоизки, талаба ёшларимиз анжуманини нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё аҳли ҳозиржавоблик билан кузатиб бориши шубҳасиз. Жуда қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўладиган спорт мусобақаларини ҳозиржавоблик билан оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилаётгани айни муддаодир.
Бугуннинг ёшлари озод ва обод юртнинг бахтиёр йигит-қизлари. Улар сўнгги ўн-ўн беш йилда спортда эришган ғалабалари нафақат кўксимизга ғурур-ифтихор бағишлайди, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар халқларининг ҳам ҳавасини келтираётган бўлса ажабмас! Мамлакатимизда жорий қилинган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Унверсиада” деб номланган уч босқичли спорт мусобақалари миллионлаб ёшларнинг қалбида спортга меҳр ва қизиқишни уйғотмоқда, ўз навбатида улар қалбида она Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат туйғуларини жўш урдирмоқда.
Юртимиз довруғини дунёга таратаётган спортчиларимиз аввало оддий мактабларда, сўнг олий ўқув юртларида таҳсил олиш билан бир қаторда спорт билан ҳам мунтазам шуғулланиб келганлар. Бунда аввало ҳар бир олий ўқув юртида талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Сўнгги йилларда пойтахтимиз ҳуснига ҳусн қўшиб келаётган “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида қанчалик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани барчага яхши маълум. Айни пайтда шаҳарчамизни рамзий маънода – спортчилар шаҳарчаси, десак ҳам муболаға бўлмайди. Сўнгги йилларда бунёд этилган катта футбол майдони, замонавий "Сув спорти саройи", қишки спорт ўйинлари мажмуаси, шунингдек, сифатли таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ жиҳозлантирилган олтита спорт майдони шаҳарчамизни чиндан-да спортчилар масканига айлантирган. Шу ўринда айтиш жоизки, спорт мажмусини ташкил этган қатор иншоотларимиз ва майдонларимиз бамисоли ям-яшил ўрмон орасида жойлашгандек. Бир неча йилдан буён бу ерда катта ҳажмда кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Минглаб туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, айниқса, қишин-ёзин кўм-кўк яшнаб турадиган арчалар парваришига мудом эътибор берилмоқда. Кенг майдон, ҳиёбонлар, йўллар ва йўлаклар тамомила ўзгача тус олган. Ёш спортчиларимиз бежирим турар-жойлардан то спорт майдонларига етиб келгунларига қадам фусункор табиат оғушида баҳри-диллари очилади.
Эпчил ва чаққон талабаларимизнинг ўз майдонларида спорт мусобақаларига тайёргарликлари шунга яраша бўлганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Тошкент шаҳридаги бошқа олий ўқув юртларининг спортчи талабалари ҳам "Универсиада – 2016" спорт мусобақаларига тайёргарликларига пухта ҳозирлик кўришган. Бугун улар бир жамоага бирлашиб, пойтахт шаҳримиз номини янада юксакларга кўтариш учун майдонга тушганлар. Миллий университетимиз талабалари учун янада муҳимроғи юзлаб тенгдошлари билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб келадилар. Бу дўстлик то абад илмий, ижодий ҳамкорликларга айланиб кетиши шубҳасиздир!
Ифтихор туйғуси ҳар бир йигит-қизни чинакам камолга етказади. Бугун ана шу бахтиёр ёшларнинг чеҳраларига боқиб, дилдаги туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетди:
Универсиада машъаласини,
Алпомиш авлоди кўтарар мағрур.
Унинг атрофида бахтиёр ёшлар,
Беллашар, курашар, дилларда ғурур.
Борлиқни мунаввар айлагувчи нур,
Бугун Фарғонада буткул порлайди.
Жонажон юртимдан таралган зиё,
Бахтиёр ёшларни нурга чорлайди!
Аслида ўзбекнинг машъаллари кўп,
Жумлаи жаҳонни ҳайратга солган.
Паҳлавон йигитлар олтин камари,
Ватаним фахрига айланиб қолган!
Рустам Қосимжонов шахмат тожини,
Бошига кийганда бахт қушин кўрдик.
Нафиса Мўминова фахримиз бу кун,
Сизларлар-ла ғалаба гаштини сурдик.
Дунёга довруғин солган полвонлар,
Изингиздан борар ўтюрак ёшлар.
Универсиада ғолибларини,
Юксак чўққиларга омади бошлар!
Имкониятларнинг мамлакати, деб
Дунё тан бермоқда Ўзбекистонга!
Бугун шу майдонда ғолиб бўлганлар,
Эрта довруқ солсин бутун жаҳонга!
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети
Ахборот хизмати раҳбари