Jolla ўзининг иккинчи смартфонини тақдим этди
Nokia собиқ ходимлари томонидан Финляндияда асос солинган Jolla компанияси ўзининг Sailfish мобил операцион тизими базасидаги иккинчи смартфони - Jolla C'ни ишлаб чиқарди. Бу ҳақида ишлаб чиқарувчининг расмий сайтида маълум қилинган.
Қурилмани ишлаб чиқариш Device Sailfish Community дастурининг бир қисми бўлиб, у Jolla'нинг ишлаб чиқарувчилари ва мухлисларига мўлжалланган. Ундаги иштирок компания вебинарлари ва тадбирларига кириш имконини беради.
Jolla C янги Sailfish операцион тизимида ишлайди. Қурилма 1,3 ГГц такт частотали Qualcomm Snapdragon 212 тўрт ядроли процессорига эга бўлди. Смартфон оператив хотирасининг ҳажми - 2 ГБ, бириктирилган хотира ҳажми эса - 16 ГБ, уни microSD картаси ёрдамида катталаштириш мумкин.
Смартфон асосий камераси имкони 8 Мп, фронтал камерасиники эса 2 Мп'га эга. Қурилма экрани диагонали - 5 дюйм. Jolla C SIM-карта учун иккита слот билан жиҳозланган.
Гаджет нархи барча солиқларни ҳисобга олган ҳолда 169 еврони ташкил қилади. Янги қурилма анонас қилинган кун Финляндияда Jolla'нинг минглаб нусхалари сотилди. Харидорлар ўз смартфонларини июль ойида олиши кутилмоқда.