Иқтисодиёт | 09:59 / 01.06.2016
5967
1 дақиқада ўқилади

Австралия ЯИМ бир йилда 3,1 фоизга ўсди

Сўнгги бир йилда Австралия иқтисодиёти 3,1 фоизга ўсишни қайд этди, деб хабар қилмоқда мамлакат Миллий статистика бюроси. Унга кўра, биринчи чоракда ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизни ташкил этган. 2015 йил апрелидан 2016 йил мартигача бўлган кўрсаткич эса 3,1 фоиздан иборат бўлган.

Бу рақамлар ҳукумат ва мустақил иқтисодчилар учун кутилмаган ижобий янгилик бўлди. Уларнинг аксарияти, чорак ўсишини 0,8 фоиз, йиллик кўрсаткични эса 2,8 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилишган эди. Мамлакат молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Австралия ЯИМ жорий молия йилида 2,5 фоизлик ўсишни қайд этади. У 30 июнда поёнига етади.

Статистика бюроси маълумотларига биноан, йил бошида иқтисодий ўсишнинг бош локомотивлари сифатида фойдали қазилмалар экспортининг ортиши ва ички истеъмол талабининг кучайишини қайд этиш мумкин.