Мэрилин Монро таваллудига 90 йил тўлди
1 июнь куни актриса, қўшиқчи ва Ҳолливуд юлдузи Мэрилин Монро таваллудига 90 йил тўлди. Асл исми Норма Жин Бейкер бўлган актриса 90 йил аввал Лос-Анжелесда кино монтажчи Глэдис Перл Бейкер оиласида дунёга келган. Руҳий хасталикдан азоб чеккан она билан кечган оғир болаликка Монронинг "Менинг ҳикоям" автобиографиясида алоҳида саҳифалар ажратилган.
Мэрлин катта экранларга моделлар агентлиги орқали қадам қўйган ва ўзининг асл тўқ рангли сочларини оч рангга бўяб, шиддат билан кино экранларини забт қила бошлаган. Унинг энг яхши роллари "Жазда фақат қизлар", "Автобус бекати", "Еттинчи йил инқирози", "Ниагара" картиналарида ижро этилган. Бироқ ёрқин сиймоларни гавдалантирган актриса кейинчалик уни жиддий қабул қилмасликларидан азият чеккан. Шунга қарамай, ҳозирги кунга қадар энди чиқиб келаётган актрисалар муваффақиятга эришиш учун айнан Монронинг кинодаги фаолиятини ўзларига андоза қилиб олишади.
Мэрлин Монронинг ўзи эса юксак эътирофга сазовор бўлиб, афсоналар қаҳрамони ва шу билан бирга барча замонлардаги энг қудратли Ҳолливуд мифларидан бирига айланди.