Дунё бошқарувида “ёпиқ” ташкилотларнинг нуфузи қандай?
Дунё бошқарувида нуфузли сиёсатчи, ишбилармон доираларнинг вакиллари аъзо бўлган “ёпиқ” ташкилотларнинг маълум даражада ўрни борлиги айтилади. Мана шундай “ёпиқ” ташкилотлардан бири Бильдерберг клуби экани тан олинади. Бу клуб ҳар йили қайсидлир шаҳарда ўзининг йиллик анжуманини ўтказади.
Журналистлар киритилмайдиган, протоколлаштирилмайдиган клуб анжумани бу йил Дрезден шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Анъанага кўра, тадбирда шахсий таклифномаси борларгина иштирок этади, у ерда айтилган гаплар ошкор қилинмайди. 9 июнь куни бошланган 64-ёпиқ мажлис Дрездендаги Taschenbergpalais меҳмонхонасида 12 июнга қадар давом этади. Меҳмонхона атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Бироқ шунга қарамай ўнг ва сўл кучларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бу галги тадбирда 150га яқин киши иштирок этмоқда. Улар орасида давлат раҳбарлари, вазирлар, трансмиллий корпорациялар ва ОАВ раҳбарлари, молиячилар, банкирлар, жамоатчилик вакиллари ҳам бор. Мухбирларнинг хабар қилишича, анжуманда Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард, АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер, Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Дэвид Петреус, Буюк Британия Ми-6 разведка хизматининг собиқ раҳбари Жон Соэрс ҳам тадбирда иштирок этмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Бильдерберг клуби ҳақида гапирилганда, кўпинча яширин доҳийлар, жаҳон ҳукумати тушунилади. Сайёрамизнинг бой ва нуфузли одамлари аъзо бўлгани учун ҳам клуб дунёдаги энг кучли ташкилот экани тан олинади. Шуниси эътиборлики, 60 йиллик тарихи давомида матбуотда клубнинг анжуманида нималар ҳақида гапирилгани борасида ёзилмаган, айтилмаган. Мобода журналистик текширув натижасида қандайдир маълумот матбуотда пайдо бўлиб қолгудек бўлса, айни шу хабар тасдиқланмаган. Шу сабабли клуб анжуманлари маҳфийлигича қолаверган.
Аввалига Бильдерберг клубини ташкил қилиш орқали жаҳон хукуматини тузиш ният қилинмаган эди. Ўтган асрнинг 50-йилларида АҚШ ва НАТО манфаатларини ифодаловчи бир гуруҳ нуфузли шахслар дунёда бўлаётган муҳим воқеаларни муҳокама қилиш мақсадида ёпиқ эшиклар ортида учрашиб туришга қарор қилишди. Кейинчалик клуб ўзаги ўзгармай қолаверди, аммо янги аъзолар таклиф қилина бошланди. Клубнинг биринчи анжумани Голландиядаги “Бильдерберг” меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Кейинчалик клубга айни шу меҳмонхона номи берилди. Ўшанда Нидерландия қироллик саройининг таклифига биноан 12 мамлакатдан 70 киши келган эди. Бугунги кунда Бильдерберг клубида доимий аъзолар билан қўшиб ҳисоблаганда 20дан ортиқ мамлакатдан 150га яқин киши иштирок этади. Улар орасида Рокфеллер, Ротшильдлар сулолаларининг вакиллари, Европадаги айрим мамлакатларнинг собиқ ва амалдаги бош вазирлари, Жаҳон банки ва мегакорпорацияларнинг собиқ президентлари ҳам бор. Кўп ҳолларда АҚШ президентлари, давлат котиблари ва НАТО генераллари ҳам таклиф қилинади.
Бильдерберг клубидан ташқари дунё бошқарувида “300 қўмита”, “Халқаро муносабатлар бўйича Кенгаш”, “Учтомонлама комиссия”, “Рим клуби”, “Германия Маршалл фонди” деб номланувчи ташкилотлар ҳам фаол иштирок этиши айтилади. Номи бошқа бўлгани билан иштирокчиларнинг кўпчилиги ўша-ўша экани айтилади.
Масалан, Богем клуби 1899 йилдан бери ҳар йили июль ойида Калифорниянинг Богем сўлим оромгоҳида тўпланади. Клуб аъзолари фақат эркаклардан иборат.
Американинг хусусий “Халқаро муносабатлар бўйича Кенгаш”и ташқи ишлар масалалари бўйича тадқиқот олиб боради, ҳар икки ойда Foreign Affairs журналини нашр қилади. Кенгаш АҚШдаги энг нуфузли “ақл маркази” сифатида тан олинади.
Уч томонлама комиссия 1973 йилда Дэвид Рокфеллер томонидан ташкил қилинган. Унинг ишида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Осиё мамлакатларининг сиёсий, ишбилармон ва илмий доираларининг вакиллари иштирок этади.
Шарофиддин Тўлаганов