Lenovo'дан мослашувчан смартфон ва йиғилувчи планшет
Бу йил турли ишлаб чиқарувчилардан мослашувчан дисплейлар ва йиғилувчи маҳсулотлар тақдимотига бой бўлди.
Энди Хитойнинг Lenovo компанияси ҳам Сан-Францискодаги Tech World 2016 конференциясида ўзининг тўлиқ букланувчи қурилмалари - смартфон ва планшетини намойиш қилди.
Ноодатий узун смартфонни қўлга билакузук шаклида кийиб олса ҳам бўлади, 10 дюймли планшетни эса экранини ташқарига қилиб тахлаш мумкин. Тадбирда кўрсатилган смартфон намунаси қўнғироқни амалга оширишга қодир. Икки қурилма ҳам тўлиқ функционалдир. Намойиш чоғида уларнинг ҳар қандай кўринишда ишлай олиши исботланди.
Компания вакилларининг хабар беришича, улар тўлиқ қайрилувчи ва мослашувчи қисмлар - дисплей, аккумулятор ва бошқа эҳтиёт қисмларига эга қурилмалар яратишди.
Бироқ ҳозирги вақтда қайрилувчи гаджетларнинг бир неча марта буклангандан кейин ишдан чиқиши туфайли уларни серияли ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Бугунги кундаги муҳандисларнинг вазифаси - қурилмаларни 70 минг марта қайирганда ишдан чиқмаслик даражасига олиб чиқиш. Бунинг учун қанча вақт кетишига аниқлик киритилмади.