Россия ва Ўзбекистон вакиллари тўқимачилик қўшма корхонаси ташкил қилиш юзасидан муҳокама ўтказди
10 июнь куни Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси маълумот берган.
Делегация Ўзбекистонга қўшма корхона тузиш ва ярим-тайёр маҳсулотлар еткизиб бериш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида келган.
Россия делегацияси 2 кунлик ташриф давомида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, вазирликлар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Биринчи куни Ўзбекистон республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбари Элёр Ғаниев билан учрашув ўтказган. Томонлар тўқимачилик ва кўнчилик (тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш) саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш, Россияга пахта толаси ва ип-газлама етказиб беришни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган.
Делегация таркибида Россиянинг бир неча тўқимачилик комбинатлари вакиллари бор.
"Россия учун Ўзбекистон енгил саноат соҳасида стратегик ҳамкор ҳисобланади. 2015 йилда Россия Ўзбекистондан 150 млн долларлик пахта толаси импорт қилган. Бу 73,7 минг тонна маҳсулот ва бу Россия пахта толаси импортининг 60 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келганини англатади. Учрашувда биз Россия ҳудудида қўшма корхона ташкил қилиш имкониятини ўрганиб чиқдик. Ушбу корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик ярим-тайёр маҳсулотлари асосида юқори қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Бу эса Россиядаги корхоналарга хомашёни арзон нархларда харид қилиш ва сифатни таъминлашга имкон беради", деган Виктор Евтухов.
Россия делегацияси Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан ҳам учрашади. Ундан ташқари делегация Ўзбекистондаги бир неча пахта заводларига ташриф буюришни режалаштирган.