Германияда жосуслик можароси

Германияда совуқ урушдан кейинги даврдаги энг йирик разведка жанжали бошланди. Сешанба куни Германия федерал ташқи разведка хизматининг собиқ раҳбари Август Ханнинг давлатга хиёнат қилишга уринишда гумонланиб ҳибсга олинди.

Прокурорлар уни махфий ҳужжатлар учун пул тўлашда ва улардан хорижий жосуслик хизмати учун таҳлил тайёрлашда фойдаланганликда айбламоқда. Улар айнан қайси разведка хизмати эканини очиқламади. Маълумотлар ўзининг якуний манзилига етиб борган ёки бормагани ҳам ҳозирча маълум эмас.

Ханнинг 2005 йилда ташқи разведка хизмати раҳбари сифатидаги етти йиллик ваколатини тугатган. Орадан беш йил ўтиб, у идоранинг офис менежеридан пул эвазига махфий разведка маълумотларини олишга келишган. Манфред исмли офис менежери ҳам сешанба куни ҳибсга олинган.

Прокурорларга кўра, Манфред йиллар давомида тахминан 2000 та ҳужжатни: фақат ички фойдаланиш учун мўлжалланган махфий материаллар ва юқори даражадаги разведка брифингларини Ханнингга беришда гумон қилинмоқда.

Ханнинг эса тақдим этилган махфий маълумотлардан хорижий разведка хизмати учун таҳлил тайёрлашда фойдаланган ва йиллар давомида сиёсий маълумотларни номаълум жосус билан бўлишиб келган.

"Спигел" нашри терговчилар бу ишнинг Озарбойжонга эҳтимолий алоқадорлигини ўрганаётгани ҳақида хабар берди. Федерал прокуратура ушбу хабарга изоҳ бермади.

Экспертларга кўра, собиқ раҳбарнинг хиёнати – Германиянинг разведка бўйича иттифоқчилари билан муносабатларини кескинлаштиради ва "ишончга жуда оғир зарба" беради.

Хизматнинг амалдаги президенти Мартин Егер гумонлар пайдо бўлиши биланоқ кенг кўламли ички текширувлар бошланганини айтди.

Франциядаги намойишлар катталашди

Францияда ўқувчилар бошлаган норозилик намойишлари уч ҳафта ичида мамлакат бўйлаб юз минглаб одамни кўчага олиб чиқди.

Намойишлар сентябр ойи ўрталарида Париж чеккасидаги Cент-Экзюпери лицейида бошланганди. Кейин ҳаракат Париж минтақасидаги бошқа мактабларга ёйилган. Ўқувчилар синфларда 35 нафардан ортиқ бола ўқишидан, биноларнинг эскиргани ва 10 соатгача давом этадиган дарслардан норози.

Франция ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатдаги қарийб 3700 лицейдан 1027 таси ҳаракатга қўшилган, улардан 222 таси тўсиб қўйилган. Айрим шаҳарларда намойишлар полиция билан тўқнашувга айланди.