Вақт ўтгани сайин одамнинг нафақат ташқи кўриниши, балки унинг ҳаётга бўлган қизиқишлари, қарашлари ва хоҳишлари ҳам ўзгариб бораркан. Ўзида турли маъноларни қамраган ушбу сўзлар сайтимизнинг бу галги меҳмони – Севинч Мўминовага тегишли. Зеро суҳбат давомида айтилган бу гапларнинг ростлигига хонанда билан суҳбатлашиш жараёнида ўзимиз ҳам амин бўлдик.

Севинч Мўминова илгаригидек шўх-шодон кулса-да, бу кулги ортида ажиб маъюсликлар бордек туюлди. Аммо бугун унинг ўзига бўлган ишончи, ижодга бўлган иштиёқи нафақат ўша-ўша, балки Севинч аввалгидан ҳам кучлироқ “ёнаётганлигини” пайқаш қийин бўлмади.

Бунга суҳбат давомида ўзингиз ҳам қисман гувоҳ бўлишингиз мумкин.

-  Севинч опа, оилали бўлганингиздан сўнг деярли ижод қилмай қўйдингиз.

- Янги қўшиқ ва клипларни, албатта, яратяпман. Охирги ижод қилган “Кўйлагим”,  “Ёлғончи ёр”, “Тақдир”, “Дўқи-дўқи”, “Кўлган гадар” қўшиқларимни клиплари билан тақдим этдим. Ҳозир яна иккита қўшиғим тайёр ва бу қўшиқларни яқин кунларда клип билан тақдим этишни режалаштирганман. Қўшиқ мавзуси ва клип ғояси ҳақидаги сирларни ҳозирча очолмайман. Ўйлайманки, бу гал ҳам қўшиқларим мухлисларимизга манзур бўлади. 

Биласизми, санъаткор аёл барибир оилам дейди, боласига, ўзига вақт ажратади... Оддий, санъаткор бўлмаган аёлларни мисол қилиб олсак, улар ҳам ҳозирги кунда боласини энагага беряпти. Масалан, мен боламни энагага топширгим келмади, қизимга ўзим қарашни афзал кўрдим. Чунки ҳеч бир энага болага ўз онасидек меҳр беролмайди. Шу боис ижодимга кўпроқ вақт ажратолмадим. Лекин бундан афсусланмайман. Сабаби, унутилмас ва бахтли дамларни фарзандим билан ўтказдим, деб айтишим мумкин. Сентябрь ойида қизим беш ёшга киради, насиб бўлса.

-  “Ёлғончи ёр” қўшиғингиз клипи билан айни шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ миш-мишлар тарқалган пайтда экранда тақдим этилди. Шу боис мухлислар бу қўшиқ сизнинг ҳаётингиздан олинган бўлса керак, деб тахмин қилишди... 

- Биласизми, севги бу жуда масъулиятли, покиза туйғу. Айрим эркаклар севаман, ўлдим, куйдим деб бир икки қадам юргач “кўзи олма кесак теради”.  Бунақа ҳолатларни атрофда кузатиб жуда кўп гувоҳ бўлганлигим учун менда шу мавзуда қўшиқ куйлаш истаги пайдо бўлди. Севган одамнинг кўзи бошқасини кўриши, бошқаси ҳақида ўйлаши мумкин эмас. Тўғри, “эркак киши етти қадам юргач бўйдоқ”, эркак кишига бўлаверади, дейишади. Лекин бўлавермайди-да! Шу боис “Ёлғончи ёр” қўшиғини куйладим. Аммо бу қўшиқда менинг шахсий ҳаётим, кечинмаларим ифодаланган, дегани эмас. Ҳар бир одамнинг виждони бўлиши керак. Севдими, садоқат қилиши, севгисининг қадрига етиши керак...