Light | 08:55 / 13.06.2016
23213
3 дақиқада ўқилади

Риёга йўғрилган ифторликлар

Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, хайр-саховатли кишилар меҳр-мурувват кўрсатиб, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар оладилар, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар. Албатта бу ишлар мақтовга сазовордир. Сабаби ҳадисларнинг бирида: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”, дейилган. Рамазон иссиқ кунларга тўғри келган маҳалда бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта нарса. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ҳам бўлса ифторлик маросимларидаги исрофгарчилик қилиш, кимўзарга ўйнаш, дабдабага берилиш иллатидир. 
     
Банда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади. Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади. Бу ишга ҳам меҳмонга ҳақдор кишиларнинг таклиф қилинмаслиги сабаб бўлади.

Амаллар қабул қилинишида энг муҳим жиҳат ният ва амалнинг шариатга тўғри келишидир. Ифторлик қилаётган одам холис Аллоҳ учун қилмоқдаман, деб ният қилиши керак. Шунда ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади, исроф ҳам, кибр ҳам, мақтанчоқлигу ҳар хил кимўзарга ўйнаш ҳам бўлмайди. Агар ифторлик қилишдан мақсад ўз бойлигини, иморатининг чиройли чиққанию қимматбаҳо мебел, гилам ва пардаларини кўрсатиб қўйиш бўлса, бу ифторликдан ҳеч қандай фойда йўқ. Тўғри, биргина “фойдаси” бор: одамлар “фалончи шунақа ифторлик қилди. Энди дастурхонда одамдан бошқа ҳамма нарса бор”, дейишади. Биласизми, бу қачонгача давом этади? Кейинги ифторга боргунча. Эртаси куни бошқа жойда меҳмон бўлгач, кеча борилган хонадон эсдан чиқади. Банда мана шу бир кун эсланиши учун қилганмиди ифторликни?! 

Ифторлик фақат одамларни чақириш билан бўлмайди. Шундай ифторлик қилингки, уни Аллоҳ билсин. Одамлар сиз ифторликнинг энг зўрини қилганингизни билмай қўя қолсин. Исрофгарчилик билан одамларни рози қиламан, деб дастурхон ёзсангизу аммо мисқолча савобга ҳам эришмасангиз, бу ачинарли ҳолат. 
Одилхон қори Юнусхон ўғли