Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида пойтахтда Autograph Art Gallery тасвирий ва амалий санъат галереяси очилди. Галереянинг ёруғ, шинам залларида тақдим этилган санъат ишлари орасида меҳмонлар машҳур муаллифларнинг санъат асарлари билан бирга истеъдодли ёш рассомлар, ҳайкалтарошлар ва дизайнерларнинг меҳнат маҳсулини ҳам кўришлари мумкин. 

Галереяда намойиш этилган асарлардаги замонавий тасвирий санъат турлари ва услубларининг хилма-хиллиги ижро маҳорати, муаллиф нигоҳининг янгилиги ва анъанавий миллий ҳашамат билан кишини ҳайратга солади. Маҳаллий халқнинг урф-одатлари ва анъаналарининг бутун гўзаллигини акс эттирувчи миниатюралар, миллий либослар кийдирилган чиройли қўғирчоқлар, табиий тошлар билан безатилган кумуш тақинчоқлар, бежирим нақшлар туширилган ёғочдан ясалган буюмлар - булар Autograph Art Gallery'да тақдим этилган санъат асарларининг ҳаммаси эмас. 

Пойтахтимизнинг марказидаги галереянинг тантанали очилишига машҳур рассомлар, либос дизайнерлари, санъатшунослар ва шунчаки гўзаллик шайдолари таклиф этилди. Расмий очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар Елена Мильбергер ва Мадина Косимбаева каби Ўзбекистоннинг таниқли либос дизайнерларининг дефилесидан баҳраманд бўлишди. Моделлар кўркам замонавий силуэтлар ва анъанавий услубда бажарилган ёрқин босмалар уйғунлашган ажойиб либосларни намойиш этишди. 

Тадбирнинг расмий қисми ниҳоясига етгандан сўнг меҳмонлар галереяда тақдим этилган санъат асарларини томоша қилишди, шунингдек уларнинг муаллифларининг маҳорат дарслари жонли трансляция қилинди.