АҚШда инкассаторлик фирмасининг 20,5 минг долларга яқин пулларини шамол учириб кетди
Американинг Провиденс шаҳрида Brink's инкассаторлик фирмасининг машинасидан тушиб қолган иккита сумкадаги 20,5 минг долларга яқин пулни шамол учириб кетди. Бу ҳақида Providence Journal нашри хабар бермоқда.
Brink's вакилининг маълумотига кўра, воқеа компания автомобили маҳаллий касалхона ҳудудида кетаётган маҳал содир бўлган. Машинанинг орқа эшиги тасодифан очилиб, пул тўлдирилган учта сумка йўлда тушиб қолган. Уларнинг иккитаси устидан машина босиб ўтганлиги учун сумка ёрилиб кетган ва шамол сочилиб ётган пулларни учириб юборган.
Полицияда инкассаторлар қайд этишича, улар пулларни териб олишга ҳаракат қилишган, бироқ шамол маблағнинг катта қисмини учириб кетган.
Brink's вакили таъкидлашича, ҳозирда ички хавфсизлик бўйича компания менежери инкассаторларнинг машинаси кутилмаганда қандай қилиб очилиб қолганини аниқламоқда ва воқеада иштирок этган ходимларни сўроққа тутмоқда.