Евро-2016. Уэльс Россияни йирик ҳисобда енгиб, гуруҳдан 1-ўрин билан чиқди
Европа чемпионатининг "В" гуруҳида сўнгги тур ўйинлари ўтказилди. Россия терма жамоаси плей-оффга чиқиши учун фақат ғалаба қозониши шарт эди, Уэльсни дуранг ҳам қаноатлантирарди.
Бу ўйинда Слуцкий шогирдлари битта кўрсаткич бўйича устунликка эга бўлишди — улар кўпроқ тўпни назорат қилишди. Таркибида Бэйлдек тезкор футболчиси бўлган уэльсликлар учун қарши ҳужумда кенгроқ майдонга эга бўлиш айни муддао эди. Тўпнинг Гаретга келиб тушиши деярли ҳар сафар хавфли вазиятни юзага келтираверди.
Ўйиннинг 11-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. Жо Алленнинг узатмасидан кейин Рэмзи дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди ва тўпни Акинфеевнинг устидан ошириб қўйди. Орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас фарқ яна биттага ошди. Широков тўпни қайтариш чоғида Нил Тэйлорни Акинфеев билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Қанот ҳимоячисининг дастлабки зарбасини Акинфеев қайтарди. Тэйлор такрорий зарба билан дарвозани ишғол қилди!
Баҳснинг 27 ва 30-дақиқаларида иккала жамоа биттадан голли вазиятга эга бўлишди. Дзюба бирга бир вазиятга чиқиб, жарима майдончаси ичида берган зарбаси Ҳенессининг қўлидан ён томонга кетди.
Бэйл ўз жарима майдончаси олдида тўпни эгаллади ва юқори тезликда бутун майдонни босиб ўтди. У икки ҳимоячини алдаб, Воуксни бирга-бир вазиятга чиқарди. Унинг зарбасини Акинфеев оёғи билан қайтаришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйин суръати ўзгармади. Россия кўпроқ ҳужумга қилишга ҳаракат қилди, аммо Уэльснинг қраши ҳужумлари анча хавфли бўлди. Глушаковнинг хатосидан кейин Бэйлга дарвозабон билан якама-якка вазиятга чиқиб, ўткир бурчак остида зарба берди. Тўп Акинфеевнинг оёғига тегиб, олис устун ёнидан ўтиб кетди.
Бэйлдек футболчилар кетма-кет иккита имкониятни ҳавога совурмайди. Рэмзининг узатмасидан кейин ҳужумчи жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилди ва юзма-юз ҳолатда Акинфеевни доғда қолдирди.
Ушбу гол русларни руҳан синдирди, ўйинни Уэльс назорат қилиа бошлади. Шунга қарамай, ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Дзюбада ажойиб имконият юзага келди. Чап қанотдан етказилган узатмани Артём беш метрдан дарвозага жойлай олмади.
Россия терма жамоаси 1 очко билан гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади ва мусобақадаги иштирокини якунлади. Англия ва Словакия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда дуранг қайд этилгани боис, Уэльс 6 очко билан гуруҳда 1-ўринни эгаллади. Англия 5 очко билан 2, Словакия 4 очко билан 3-ўринни банд этди.
Россия – Уэльс 0:3 (0:2, 0:1)
Голлар: 0:1 – 11 Рэмзи, 0:2 – 20 Тэйлор, 0:3 – 67 Бэйл.
Россия: Акинфеев, Игнашевич, Березуцкий (Березуцкий, 46), Смольников, Комбаров, Глушаков, Мамаев, Широков (Головин, 52), Смолов (Самедов, 70), Дзюба, Кокорин.
Уэльс: Хеннесси, Уильямс, Дэвис, Тэйлор, Честер, Рэмзи, Аллен (Эдвардс, 74), Бэйл (Черч, 83), Ледли (Кинг, 76), Гантер, Воукс.
Огоҳлантиришлар: Воукс (17), Мамаев (65).
Манба: std.uz