«Реал» жамоадошлари, Тьери Анрининг қўл билан урган голи учун қасос олиш имконияти, икки турли "қутб" футболчилари қарама-қаршилиги. Хуллас, Евро-2016 1/8 финали ўйинлари ҳақида сўз юритамиз.
Швейцария - Польша. 25 июнь, 17:59

Агар сиз Швейцария ва Польша жамоаларининг ўзаро ўйини хусусида, уларнинг гуруҳ босқичидаги натижасини эътиборга олган ҳолда хулоса қиладиган бўлсангиз, бу ўйинни томоша қилишни хоҳламай қолишингиз аниқ. Бироқ қайд этиш керак, улар қандай натижани кўрсатганига қарамай, ўйин жиҳатидан савияси юқори эканини исботлашди. Швейцарлар Руминияга қарши ўзининг охирги вақтлардаги энг ажойиб ўйинларидан бирини ўтказган бўлса, поляклар Германия синовида тобланишди.
Бундан ташқари, бугунги ўйинда Роберт Левандовски алоҳида эътиборда бўлиши табиий. Гарчи бу йилги чемпионатда гол ура олмаган бўлса-да, ҳимоячилар эътиборини ўзига тортиш билан жамоасига ёрдами тегмоқда. Бироқ бу сафар Родригес, Шер ва Журу каби ҳимоячиларга нисбатан у қандай чоралар кўра оларкин?
Британча дерби
Уэльс – Шимолий Ирландия. 25 июня, 20:59

Тасаввур қила оласизми, шотландлар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда экан? Ахир Европа чемпионатида ўз вакилларига эга бўлмаган ягона Буюк Британия давлати айнан Шотландиядир. Бундан ташқари, Англия, Уэльс ва иккала Ирландия ҳам келишиб олишгандек, гуруҳ босқичидан чиқишди.
Энди бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак. Чемпионат бошларида Шимолий Ирландияни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган эди. Уэльс эса, гуруҳдаги энг заиф жамоа, деб баҳоланган эди. Амалда эса, эндиликда улардан бири ҳатто 8 та энг кучли жамоалар таркибидан жой олиш имконига эга.
Модрич жамоадоши Роналдуга қарши
Хорватия – Португалия. 25 июня, 23:59

Ҳа, бу иккала ажойиб иқтидор соҳиблари бир жамоада тўп тепишади. Бироқ иккиси икки олам гўё. Криштиану ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Шундай бўлса ҳам, ўзига бино қўйганлигини қайд этиш жоиз. Лука Модрич эса унинг акси: камтар, босиқ, жамоа билан ўйнашни хуш кўрадиган, газета муқоваларида кўп ҳам кўзга ташланмайдиган ўйинчи. Аммо уларни боғлаб турадиган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, бир ўзи ўйин тизгинини бошқара оладиган футболчилар.












