Мартино: Мессининг кўз ёшлари? У финалда ютқазди
Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Ҳерардо Мартино Америка Кубоги финалида Чилидан қабул қилинган мағлубиятдан кейин фикрларини билдириб ўтди.
Ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади. Шундан сўнг бошланган пенальтилар сериясида Чили 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. «Альбиселесте» сафида зарба беришда адашган футболчилардан бири Лионель Месси бўлди, у тепган тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Шунингдек, Лукас Биглиянинг зарбасини Клаудио Браво қайтаришга муваффақ бўлди. Чили таркибида Артуро Видаль пенальтини голга айлантира олмади.
«Финалда яна ютқазиш жуда оғир. Биз бу ўйинни интизорлик билан кутган эдик. Охир оқибатда совриндан қуруқ қолдик.
Финаллардаги энг муҳими – натижадир. Чили пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Биз асосий вақтдаёқ ғалаба қозонишимиз шарт эди.
Бу мағлубият терма жамоа билан турнирларни ютмаган Месси учун қайғули бўлди. Ахир бутун жамоа ғалабага умид қилганди. Энди келажакка ишонч билан боқиш қийин, лекин спортчилар бир неча марта бундай катта мағлубиятлардан кейин ҳам оёққа тура олишган», — дея Мартинонинг сўзларини келтиради Ole.
Ўйиндан кейин камераларга Мессининг йиғлаётгани тасвирлари муҳрланди.
Бу вазиятга Мартино шундай изоҳ берган: «Мессининг кўз ёшларими? У ўзини финалда ютқазган барча футболчилар каби тутди. Яна бир финалдаги мағлубият унга оғир ботди».
Аргентина терма жамоаси қаторасига иккинчи марта Америка Кубоги финалида Чили терма жамоасига ютқазди. 2015 йилги турнир финалида ҳам аргентиналиклар пенальтилар сериясида 1:4 ҳисобида мағлуб бўлганди. Бундан ташқари, Месси ва жамоадошлари 2014 йилги жаҳон чемпионати финалида Германияга (0:1) мағлуб бўлганди.
Месси 2008 йили Аргентина олимпия терма жамоаси сафида Пекин Олимпиадаси ғолиби бўлган, 2005 йилда эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони бўлган. Аммо Лионель Месси Аргентина миллий терма жамоаси билан йирик турнирларда бирор марта ҳам бош совринга эга бўлмаган.