02:37 / 28.06.2016
13326

Туркия уриб туширилган Су-24 учун Россияга товон пули тўлашга тайёр

Туркия бош вазири Биноли Йилдиримнинг маълум қилишича, Анқара томони ўтган йилнинг 24 ноябрида Сурия осмонида туркиялик учувчи томонидан уриб туширилган Россиянинг Су-24 русумли бомбардимончи самолёти учун товон пули тўлашга тайёр. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатди.

Бундан олдинроқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Су-24 учун Путиндан узр сўрагани ҳақида маълум қилди.

Кўп ўтмасдан Эрдўғаннинг матбуот котиби узрнома ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 24 ноябрида Сурия ҳудудида Россия Ҳарбий-коинот кучларининг Су-24 русумли бомбардимончи самолёти туркияликлар томонидан уриб туширилганди. Туркия томони бу самолёт ўз ҳаво ҳудудини кесиб ўтганини иддао этди. Россия эса самолёт фақат Сурия ҳудудида бўлганини таъкидлади.

Путин ушбу воқеани "ортдан берилган зарба" деб атаган ва Туркияга қарши кенг кўламли иқтисодий санкциялар киритган эди.

Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашди.

Top