Жаҳон | 13:35 / 02.11.2022
5269
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлери ва Туркия президенти Россиянинг ядровий риторикасини қоралади

Олаф Шольц Ражаб Тоййиб Эрдўған билан суҳбатда Россиянинг Украинани «ифлос бомба»дан фойдаланишга тайёрланаётгани бўйича айбловини рад этди. Германия канцлери ва Туркия президенти Россиянинг ядровий риторикасини масъулиятсизлик деб атади.

Фото: EPA

Германия канцлери Олаф Шольц ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали суҳбат чоғида Россиянинг ядровий риторикасини қоралади. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат 1 ноябрь, сешанба куни бўлиб ўтди, деди Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебстрейт. «Германия канцлери ва Туркия президенти Россиянинг ядровий риторикаси - масъулиятсизлик деган фикрга келишди», — деди Хебстрейт. 

Шольц Россиянинг Украина «ифлос бомба» деб аталган нарсадан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволарини қатъиян рад этди. 

Бундан ташқари, томонлар ўз суҳбатида «ғалла битими»га ҳам тўхталиб ўтишди. Германия канцлери Туркиянинг келишув доирасида Украина ғалласининг келгусида экспорт қилинишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. 

Германия ҳукумати раҳбари бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский билан суҳбатда Россиянинг Киев «ифлос бомба»дан фойдаланишга тайёргарлик кўраётгани борасидаги айблови асоссиз, деган фикрни билдирди. Бундан ташқари, Шольц Россия қўшинлари томонидан Украинадаги фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиш давом этаётганини қоралади. 

Россиянинг Киевни «ифлос бомба ишлатишга тайёрланаётгани» ҳақидаги айбловларидан сўнг, 31 октябр куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) инспекторлари Украина ҳукумати илтимосига кўра, Украинадаги иккита ядровий иншоотни текширишни бошлади. Улар шу ҳафта охиригача текширув бўйича дастлабки ҳисоботни чоп этишга ваъда беришди. 

Айни пайтда, сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия президенти Владимир Путин ва бошқа россиялик расмийлар Москва ўзининг ядровий доктринасида назарда тутилган вазиятларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Ушбу ҳужжатда айтилишича, Россия ўзига ёки иттифоқдошларига ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуроллари ёрдамида ҳужумга жавобан ёки оддий қуроллар билан тажовуз қилинган тақдирда, агар «давлатнинг мавжудлиги хавф остида бўлса, ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин».

Октябрь охирида Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида Украина гўёки «ифлос бомба»ни портлатишни режалаштираётгани ва бунинг учун Россияни айблашини айтди. «Улар уни «Точка-У»га ёки бошқа жойга юклаб, бу қурилмани қаердадир портлатади, кейин эса Россия буни қилди - ядровий зарба берди, дейишади. Лекин биз буни қилишимиз шарт эмас. Бизда бу на сиёсий, на ҳарбий жиҳатдан керак эмас», деди у. Шу билан бирга, АҚШ президенти Жо Байден Путиннинг сўзларига шубҳа билан қаради ва унинг ёндашувини «жуда хавфли» деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид