Буэнос-Айресда Мессига ҳайкал ўрнатилди
Буэнос-Айресда Аргентина миллий терма жамоаси футболчиси Лионель Месси шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ESPN хабар қилди.
Аввалроқ Америка Кубоги финалида Аргентина терма жамоаси Чили терма жамоаси билан ўйинда мағлуб бўлгач, афсонавий спортчи Аргентина терма жамоасидаги карьерасини якунлаши тўғрисида маълум қилганди.
“Футбол ишқибози сифатида сендан ўтиниб сўрайман, Лео, илтимос, ўз қароринг тўғрисида яна бир бор ўйлаб кўр. Сенга бўлган меҳримиз рамзи ҳамда сени доимо қўллаб-қувватлашимиз исботи сифатида бугун биз ушбу ҳайкални намойиш этамиз”, - деди Буэнос-Айрес мэри Родригес Ларретта очилиш маросимида.
Месси шарафига ҳайкал ўрнатилганидан ташқари, шаҳар йўллари ҳамда метро кириш қисмларида “Кетма, Лео” ёзуви муҳрланган белгилар ҳам жойлаштирилди.
Аргентина миллий терма жамоасини тарк этмаслигини сўраб, Мессига мамлакат президенти ҳамда миллий футбол қироли Диего Марадона ҳам мурожаат этган.