Фан-техника | 00:37 / 01.07.2016
7754
2 дақиқада ўқилади

Украиналик амалдорлар етим болаларга сохта iPhone’лар совға қилишди

Украиналик амалдорлар етим болаларга бир неча iPhone 5s ва iPhone 5c смартфонларини совға қилишди. Ушбу қурилмалар Хитойнинг қалбаки нусхалари бўлиб чиқди. Бу ҳақида маҳаллий ОАВ хабар қилади

Совғалар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган профессиональ-техника ўқув билим юрти битирувчиларига топширилди. 

Қайд этилишича, айфонларнинг оригинал эмаслигини осонгина фарқлаш мумкин  — 34 смартфонда ҳам Android оперцион тизими мавжуд эди.

«Менга тушунтириб беришларича, iPhone'ни қиёфадоши бўлган бу телефонларда Android дастурий таъминоти мавжуд бўлиб, у iOS'га ўхшайди. Буни дарҳол билишнинг иложи бўлмади, чунки шрифт ва белгилар жуда ўхшаш эди. Бироқ хизмат марказларидагилар менга дастурий таъминот бошқа эканлигини айтиб ўтишди. У орқали  Google Play'да ҳеч нимани юклаб олишнинг имкони йўқ, ҳаттоки, уни топиб олишни ҳам иложи бўлмади. Шунинг учун бу телефонга марказларнинг бирида ҳеч қандай дастур юклаб бўлмади. Ҳеч ким буни қаерда ва қандай амалга оширишни  билмайди», — дейди битирувчилардан бири.
Расмий пресс-релизда қайд этилишича, аппаратлар бир ярим йил аввал мусодара қилинган.