Беларусда Мустақиллик куни нишонланмоқда
Бугун, 3 июль куни Беларусда Мустақиллик куни нишонланмоқда.
Мазкур воқеа Беларуснинг энг муҳим байрами саналади ва ҳар йили 3 июлда нишонланади.
Беларусда 1991 йилдан бошлаб Мустақиллик куни аввалига 27 июль санаси— 1990 йил республика суверенитети ҳақидаги декларация қабул қилинган кунда нишонланган. Бироқ 1996 йил республика референдуми доирасида Беларусь Мустақиллик куни 3 июль — Минск шаҳри вермахтлар босқинидан озод бўлган санада нишонланадиган бўлди.
Мустақиллик кунида Минскда турли байрамона тадбирлар ўтказилади. Мамлакат президенти Александр Лукашенко эрта тонгда Минск гарнизонининг ҳарбий парадини кузатиши кутилмоқда.
Парадда 130га яқин ҳарбий техника воситалари, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши давридаги Т-34, ИС-2 танкалари, СУ-100 ўзиюрар артиллерия, БМ-13 "Катюша" реактив тизими иштирок этади. Шунингдек, урушдан кейинги техникалар — Т-55, ПТ-76, БМП-1 танкалари ҳам намойиш этилади. Замонавий техникалардан эса Т-72Б, БМП-2, БРТ-80, САУ "Гвоздика", РСЗО "БелГрад" ва "Смерч" танкалари чиқиш қилади.
Ҳавода 29 самолёт ва 15 вертолёт — Ми-2, Ми-24, Ми-8, Ан-26, Як-30, МиГ-25, МиГ-29, Ил-76, Л-39 учирилади.
Россия Федерациясининг Су-34 ва Су-30 қирувчи ҳаво кемалари, шунингдек, Ка-52 ҳарбий вертолётлари парвоз қилади.
Лукашенко Мустақиллик куни шарафига ташкил этилган тантанали йиғилишда Беларусь ўз мудофаасини мустаҳкамлашини қайд этди.
"Биз таҳдид, қўрқитиш, санкция ва бомбалар ташлаш билан ҳеч бир муаммо тугуни ечилмаслигига ишонч ҳосил қилдик", — деди у.
Мустақиллик тантанаси 3 июль кечасида байрам салюти билан якунланади.