Бугун эътиборингизга у ёки бу сабабларга кўра сайёҳларнинг кириши тақиқланган жойлар хақида маълумот берамиз.

Кеймада-Гранди оролига заҳарли илонларнинг кўплиги сабаб сайёҳларнинг кириши тақиқланган. Орол Бразилия соҳилларидан 35 километр узоқликда жойлашган. Кўринишидан жаннатмонандга ўхшайди, аммо оролга бориш тавсия этилмайди. Чунки бу ерга бориш ҳаётингиз хавф остида қолади, демакдир. Ям-яшил орол заҳарли илонларга тўлиб тошган. Олимларнинг сўзларига қараганда, 0,43 квадрат километрда 4000 илон мавжуд. Энг хавфлиси илоннинг ботропс туридир. Бу илоннинг заҳри бошқа илон заҳарларидан беш баробар кучли экани айтилади. Бу илон чаққан ҳар қандай одам шу заҳоти вафот этади. Мана шуларни инобатга олган Бразилия ҳукумати Кеймада-Гранди оролига сайёҳларнинг боришини тақиқлаган. Халқ бу ерни илонлар ороли деб атайди.

Сюртсей оролига ҳам бориш тақиқланган. 1963 йилда Исландия сувларида сувости вулқонлари қайд қилинди. Вулқон натижасида янги ороллар пайдо бўлди. 2,7 квадрат километрга тенг бу орол турли мамлакат олимларининг диққат эътиборига тушди. Оролга афсоналардаги оловлар ҳукмдори Сурт шарафига Сюртсей номи берилади. Бу ерда илмий ишлар олиб борилаётгани боис сайёҳларнинг кириши мумкин эмас. Орол пайдо бўлганидан бери олимлар бу ерда ўсимликларнинг ўсиши, ҳашоратларнинг пайдо бўлиши, қушларнинг ҳаёт кечириши билан боғлиқ ҳодисаларни ўрганишади. Шу тариқа вулқонларнинг отилиши натижасида пайдо бўлган қуруқликда ҳаёт қандай пайдо бўлгани ўрганилади. Агар 80-йилларда мазкур оролда ўсимликларининг 20 та тури кузатилган бўлса, 2008 йилга келиб уларнинг тури 69 тага етди. Тўғри 2000 йилга келиб эрозия ва тўлқинлар туфайли қуруқлик 1,5 квадрат километргача қисқарди. Айни дамда Сюртсей оролидаги қуруқликнинг қисқариши анча камайган. 2008 йилда ЮНЕСКО оролни Жаҳон Маданий мероси рўйхатига киритди.
.jpg)
Шимолий Сентинел оролини ҳам тақиқланган жойлар рўйхатига киритиш мумкин. Бенгал кўрфазидаги Андаман оролида сентинел қабиласига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Бу қабила вакиллари замонавий дунё билан мутлақо алоқа қилмайди. Шу сабабли оролга ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ, албатта, маҳаллий халқ вакиллари томонидан ҳужумга учрайди. Олимларнинг фикрича, маҳаллий аҳоли салкам 60 минг йилдан бери атроф-муҳитдан айри ҳолда истиқомат қилади. Уларнинг сони йил сайин камайиб бормоқда. Айни дамда оролда 50 дан 400га яқин абориген яшайди. Бу одамлар ўз ҳудудларини ҳимоя қиладилар. Улар 2004 йилда цунамидан азият чеккан ҳудудларини назорат қилаётган ҳукуматга тегишли вертолётга ўқ отишган эди. 2006 йилда балиқчилар ҳужумга учраганидан сўнг ҳукумат сентинелларнинг еридан узоқроқда бўлишни маслаҳат берди. Олимларнинг бу қабила билан алоқа ўрнатиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлари самарасиз якунланди.

.jpg)







