Light | 15:35 / 13.07.2016
13224
3 дақиқада ўқилади

Аёли ташлаб кетган эркакнинг иқрорлари

Кўплаб оилавий жуфтликлар бу ҳикоянинг бошида ўзларини танишса ажаб эмас. Эр ишдан чарчаб келди ва телевизор қаршисига жойлашди. Хотин эса болаларни ухлашга ётқизмоқчи бўлди, улар эса қайсарлик қила бошлашди. Бундан жаҳли чиққан оила бошлиғи уйда тинчлик йўқлигидан ғазабланиб, телевизорнинг овозини янада баландлатди. Бугун ҳам болалар йиғисини эшитмаса бўлгани. 

Шубҳасиз, аёлнинг бундан жаҳли чиқди ва у эрига кетма-кет кесатиқлар ёғдира бошлади. Эр-хотин гап талашиб, охири жанжаллашиб қолишди. Хотин фарзандлари тарбиясида эрининг ёрдам бермаётганига ишора қилса, эр хотинининг кун бўйи ҳеч нарса қилмаслигини баҳона қилиб кўрсатди. 

Охир-оқибат аёлнинг бардоши тугади ва кўзларида ёш билан ота-онасиникига кетиб қолди. Икки кун ўтиб, у эридан хат олди. 

“Азизим!
Ўша куни ўзимни ёмон тутганим учун мени кечир. Сен кетганингдан кейин содир бўлган воқеани ҳамда Она бўлиш қандай қийин эканлигини англаб етдим.
Болаларни ухлатишга ҳаракат қилдим, тўғриси, буни зўрға уддаладим. Эрталаб уйга қайтмаганингни кўриб, ишдан рухсат сўрашга ва ҳар куни сен қилган ишларни бажаришга тўғри келди. Ҳар дақиқада қандайдир иш чиқиб туради, ҳаттоки ўтиришга вақт бўлмади.

Мен овқат тайёрладим, болаларнинг қорнини тўйдирдим, уларни кийинтирдим, кейин кийимларини алмаштирдим, бирга ўйнадим ва уйларни йиғиштирдим. Буларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида бажаришга тўғри келган пайтлар ҳам бўлди. 

Кун бўйи уйда бўлганим учун 10 ёшдан катта бўлмаган бирор кимса билан мулоқот қилишга имкон бўлмади. Мен сенинг шунча нарсадан воз кечиб, қандай қурбонликларга боришингни энди тушуниб етдим.

Иккинчи кун ҳам худди шундай сценарий бўйича кечди. Мен илк маротаба икки кун ва бир тун сенсиз яшадим. Шу вақт ичида кўп нарсани англаб етдим. 
Ниҳоят, сенинг бир кун ичида қанчалик чарчашингни тушундим. Энг асосийси, Она бўлиш – бу доимо ўзини қурбон қилиш эканлигини англадим. Бу 10 соат идорада ишлагандан кўра қийинроқ экан.

Мен яна шуни англаб етдимки, она бўлиш – дунёдаги энг масъулиятли иш! Бироқ афсуски, буни ҳеч ким қадрламайди ва энг ачинарлиси – миннатдор ҳам бўлмайди...

Бу хатни шунчаки узр сўраш ёки соғинганимни билдириш учун ёзганим йўқ. Бундан буён ҳар куни сенга нақадар ақлли ва доно аёл эканлигингни айтишни истайман. Сен жуда ҳам дадилсан, бутун оиламизнинг фаровонлиги сенга боғлиқ.

Мен сен билан фахрланаман!”