Саккизинчи синф эдим. Ўша йиллар мактабимиз тўлиқ таъмирдан чиқиб, замонавий кўринишга келди. Биз уч ой давомида кўча чангитиб юрганимизда мактабда усталар меҳнат қилишди.

Ёзнинг сўнгги ойи маҳаллада ёмон хабар тарқалди: “мактаб қурилишида ишлаётган ишчилардан бири нарвондан (ҳавоза) йиқилиб тушиб ўлибди, уни ёнида турган шериги итариб юборибди”. То ўқув йили бошланиб, мактаб ўқувчилар билан тўлгунча бу воқеанинг янгидан-янги тафсилотлари очила бошлади. Ўликнинг таниб бўлмас алфозга келган юзи, ҳатто узилиб тушган боши ҳақида ҳам гапиришди.

Баъзилар “Қурилишда унча-мунча “строй материал” йўқолиб турар экан. Йиқилган ва уни йиқитган ишчи ана шу ишларнинг бошида тураркан. Охири улар ўртасида жанжал чиқибди-ю, бири иккинчисидан шундай қутилибди” деса, бошқалар “Аслида улар анчадан бери қидирувда бўлган хавфли жиноятчилар экан”, дейишди. Бунга ҳодисанинг эртасига ўша атрофда милиция “наряди”, исковуч итлари билан келганини “ҳужжат” қилишди.

Ўша ўқув йилининг аввалида ўқувчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинган мавзу шу бўлди. Маҳалланинг катталари орасида тарқалиб, ўзига хос фильм воқеаларига ўхшаб улгурган ҳодиса энди ёш болаларнинг тилларида ҳам янги қирралар ва янги кўринишлар билан бойиб борди. Бир ҳафта ўтмай мудҳиш воқеа тарих синф хонасига дераза ромларни ўрнатилаётганда содир бўлган деган аниқлаштиришлар пайдо бўлди. Энди аксар ўқувчилар бу хонага кирганда қўрқиб ўтирадиган бўлди.

Бу ҳол албатта ўқитувчиларга ҳам аён эди. Тарих дарсларидан бирида устозимиз синф журналини очиб бирин кетин исм-фамилия санай кетди. Бу санаш одатдаги давомаддан фарқ қилар эди. Пала-партиш, журналнинг у ер, бу еридан исмлар айтилди.
— Ҳозир, кимнинг номини айтган бўлсам ўрнидан турсин, — деди устозимиз журнални ёпар экан.

Айтилганлар туришди. 10-12 бола. Аҳамият берсам, турганларнинг синфдаги жойлашуви бир парта оралаб бўлиб, улардан устозга энг яқин тургани Нозима эди.
— Ҳозир сизлар билан бир тажриба ўтказамиз — деди устозимиз ва оқ қоғозга нималарнидир ёзди, — Нозима, яқинроқ кел. – Устоз у келгач столи устидаги ҳозиргина нималарнидир ёзган қоғозни олиб унга тутқазди. – Буни ичингда ўқи ва жойига қайтариб қўй. – Табиатан жуда содда бўлган Нозима, аниқ нима бўлаётганини билмаса-да, унга қандайдир қизиқ ўйиндай туюлдими, ҳар ҳолда юзида кулги сезилиб турарди.

— Ўқиб бўлган бўлсанг, энди бориб ўзингдан кейин турган Шерзоднинг қулоғига, фақат ўзи эшитадиган даражада паст овозда нима ҳақида ўқиганинг гапириб бер, — Бу сўзлардан сўнг бутун синфда паст кулги эшитилди. Ҳамма нима бўлишига қизиқиб қолганди. Мана Шерзод ҳам ўша қоғозда нима ёзилганини Нозимадан билиб олди.