Дунёда юз бераётган фитналар ҳақида фикр юритган киши чуқур ўйга толади. Дин душмани бўлган “учинчи томон”нинг қўғирчоғига айланган манқурт кимсалар барчанинг нафратини қўзғамоқда. 
Муборак Рамазон ойида ҳам Ироқнинг Бағдод шаҳридаги масжид ёнида террорчи-худкуш қўпорувчилик қилди. Оқибатда 12 киши ҳалок бўлди. Бир кун ўтиб Туркиянинг Истанбул шаҳридаги аэропорт ҳудудига бостириб кирган 3 нафар жангари ўт очиши натижасида 41 киши ҳаётига зомин бўлди. Ироқ пойтахтида 3 июлга ўтар кечаси содир этилган терактда ҳалок бўлганлар сони 200 кишидан ошди. Энг ачинарлиси Рамазон ҳайити арафасида мусулмонлар учун табаррук жой – Масжиду Набавий олдидаги худкушлик ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. 

Ушбу мудҳиш воқеалар ёвуз душман ишидир. Афсуски, ақлсиз кимсалар “учинчи томон”нинг алдовларига учиб, мана шундай шафқатсизликларга қўл урмоқда. Бундай “учинчи томон” балосидан қандай сақланиш мумкин? Қуйида манфаатдор кучлар макр-ҳийлалари оқибатлари, фитналаридан огоҳ бўлиш борасида сўз юритамиз.
 
“Учинчи томон”нинг ёвузликлари
 
Кескин қарама-қаршилик, зимдан тўс-тўполонлар уюштириш тобора кучайиб бораётган бир вазиятда халқимизни оқни қорадан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялаш, доим ҳушёр ва сезгир бўлишга чақириш ғоятда муҳимдир. 
Маълумки, тим қоронғи тунда маёқ қайси томонни кўрсатса, одамлар шу ёққа қарайди. Улар қаёққа қараб юришлари маёқ тутган кимсага боғлиқдир. “Учинчи томон” найранглар билан жамиятдан ўзининг ёқловчиларини ажратиб олгач, бу тўда онгига ҳам “эгалик” қилади. Ушбу тўда аъзоларини “эркинлик”, “инсон ҳақ-ҳуқуқлари”га доир кўзбўямачиликлари билан қайрайди. 
Афсуски, содда одамлар “маёқ” кўрсатаётган томонгагина талпинади. Уни бошқараётган қўлни эса кўрмайди. Соғлом фикр эгалари эса маёқ тутган шахснинг кимлигига эътибор беради. 
Ҳозир халқни тўғри йўлдан оздириш ва қўққисдан ғалаёнлар уюштириш ортида “учинчи томон”нинг қора мақсадлари ётгани ҳеч кимга сир эмас. Бутун ер юзида тинчликка таҳдид солаётган ИШИДнинг қилмишлари бунга яққол мисол. Ушбу террорчи тўдалар “учинчи томон”нинг буюртмасини бажариб, тўс-тўполонлар қилиб, худкушликлар билан муборак Ислом динини ёмонотлиқ қилаётганидан барча хабардор бўлиши зарур. 

Дунёга разм солсак, айрим мамлакатларда фитналар сабаб ибодат қилиш у ёқда турсин, оддий кун кечиришнинг ўзи муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳатто ибодат пайтида ҳам бузғунчилар томонидан одамлар портлатиб юборилмоқда. Мусулмон одам икки дунёда бундай қабиҳликларга қўл урмайди. Демак, учинчи бир манфаатдор томон, кўзга кўринмас тўда борки, манқуртга айланган гумроҳ кимсаларни бошқариб турибди.