Жамият | 15:44 / 15.07.2016
10218
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бошланғич таълим ўқитувчиларининг форуми ташкил этилди

Халқ таълими вазирлиги томонидан “Бошланғич таълимни модернизациялаш орқали ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзусида бошланғич таълим ўқитувчиларининг форуми ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган илғор бошланғич таълим ўқитувчилари иштирокида ўтказилган мазкур форум қуйидаги тўртта йўналишларда иш олиб борди:

1-йўналиш: Бошланғич таълим жараёнига янги авлод дарслик мажмуалари ва замонавий ахборот-технологияларини жорий этиш: муаммо ва ечимлар,
2-йўналиш: Бошланғич таълимда чет тили ва бошқа тилларни ўқитишнинг инновацион технологиялари,
3-йўналиш: Баркамол авлодни маънавий етук қилиб тарбиялашда бошланғич таълимнинг ўрни,
4-йўналиш: Бошланғич таълим тизими педагог кадрларининг касбий компетенцияларини ошириш ҳамда таълимни модернизация қилишда уларнинг педагогик маҳоратларини шакллантириш масалалари.

Форумда чет тили ўқитувчиларининг бу борадаги малакасини ошириш, нутқ кўникмаларини ривожлантириш, мактабда, айниқса, бошланғич синфларда чет тилларни ўқитиш методикасини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу масалаларнинг илмий-амалий ечимларига бағишланган маърузалар тингланди. Чет тилларни ўқитишни такомиллаштириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.