Бу йил Американинг Boeing корпорацияси юз йиллигини нишонлайди. Тадбиркор Уильям Боинг 1916-йил 15-июлда АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Pacific Aero Products компаниясига асос солган эди. Бундан 1 ой муқаддам, у ва денгиз муҳандиси Жорж Уэстервельт ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Model 1 ҳавога кўтарилганди. Иккинчи жаҳон уруш аввалида, Boeing компанияси АҚШ стратегик авиациясининг асосий етказувчисига айланиб улгурди. Ҳозирги вақтда Boeing — McDonnel Douglas, North American, Rockwell, Convair каби бир қатор рақобатчи фирмаларни ўз таркибига олган йирик, кенг қамровли авиасозлик корпорациясидир. У, фуқаролик ҳаво лайнерлари, қирувчилар, транспорт ва махсус самолётлар ишлаб чиқаради. Қуйида эътиборингизга корпорация томонидан ишлаб чиқилган энг машҳур маҳсулотлар хусусида маълумот беришга ҳаракат қилдик.

1. Бўлғуси мегакорпорациянинг илк самолёти
Model 1 — бир моторли ўқув сузувчи бипланидир. Баъзан B&W Seaplane деб аталадиган ҳаво машинаси Сиэтлда, фирманинг расмий ташкил этилишидан бир ой аввал, 1916-йил 15-июнда барпо этилган эди. Умуман, бу самолётдан атиги 2 дона ишлаб чиқарилган, Америка ҳаво флоти уларни қабул қилишни рад этди, бироқ, Янги Зеландиянинг учувчилик мактаби ҳаво кемасига қизиқиш билдирди. Шу билан Boeing ўзининг илк экспорт буюртмасига эга бўлди.

2. «Учувчи қалъа»
Фирманинг биринчи томмаънодаги йирик лойиҳаси. Оғир, тўртмоторли бомбардимончи самолёт 1938-йили Қуролли кучлар таркибига қабул қилинган бўлиб, Иккинчи жаҳон урушининг тимсолларидан бири ҳисобланади. 1945-йилгача бу самолётдан салкам 12,7 минг дона ишлаб чиқилди. Суратда, бугунги кунгача сақланиб қолган B-17 намуналаридан бирини кўриш мумкин.

3. «Суперқалъа»
Бу машина стратегик авиация учун махсус ишлаб чиқилган ҳаво лайнери ҳисобланади. Ундан 1943-46-йилларда жами 4 мингга яқин ишлаб чиқарилган. Бу турдаги самолётлар, Тинч океанидаги жанговар ҳаракатларда кенг қўлланилган. Хусусан, айни шу самолётлар ёрдамида Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланган эди. Суратда, шу турдаги бомбардимончи самолётнинг ягона сақланиб қолган намунаси акс этган.



















