Жаҳон | 08:49 / 19.07.2016
3595
1 дақиқада ўқилади

Австралияда янги ҳукумат ишга киришди

Фото: AP

Австралия генерал-губернатори Питер Косгроув 19 июлда Канберрада мамлакатнинг янги ҳукумати вазирлари ва уларнинг ўринбосарларидан қасамёд қабул қилди. Бош вазир Малколм Тернбулл 2 июлда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра янги ҳукуматни шакллантирди.  
 
Бош вазир аввалги вазирлар маҳкамаси таркибини сақлаб қолди ва унга табиий захиралар ва Шимолий Австралия ишлари бўйича вазир Мэтт Кэнаванни қўшди. Барча муҳим вазирлар ўз лавозимларида қолдилар. Улар қаторига ташқи ишлар вазири Жули Бишоп, мудофаа вазири Марис Пейн, бош ғазначи Скотт Моррисон, иммиграция ва чегараларни қўриқлаш вазири Питер Даттон киритиш мумкин.

Бош вазир журналистлар билан суҳбатда охирги марта ҳукуматда ходимлар борасида жорий йил февралида ўзгаришлар қилганини эслатиб ўтди ва шунинг учун ҳозирда сезиларли ўзгаришларга зарурият йўқлигини айтди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш