Жаҳон | 10:51 / 21.07.2016
6962
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: ЕИ Туркиянинг ички ишларига аралаша олмайди

Фото: Reuters

Туркия мамлакатда хавфсизликни таъминлаш борасида навбатдаги қадамларни ташлашда давом этади ва Европа Иттифоқи бунга қаршилик кўрсата олмайди. Бундай позиция Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан Al Jazeera телеканали эфирида билдирилди.

"ЕИ - бутун дунё эмас, атиги 28 мамлакат", дея Евроиттифоқнинг бир қатор мамлакатлари томонидан Туркияда ўлим жазоси тикланиши борасидаги танқидига жавоб қайтарган у.

"Биз 53 йилдан буён уларнинг эшигини қоқамиз, улар эса бизга кутиш кераклигини айтиб, бошқаларни қабул қилишда давом этди" дея қўшимча қилган Эрдўған.

"Агар Евроиттифоқ демократияни ҳурмат қилса, халқ истагини қабул қилади", — деган Эрдўған.

У, шунингдек, парламент ўлим жазосини киритишга қарор қилса, буни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Туркияда охирги марта ўлим жазоси ўтган асрнинг 80-йилларида амалга оширилганди. Жазонинг бу тури 2004 йилда бекор қилинган.

Туркиядаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг Эрдўған мамлакатда ўлим жазоси тикланиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига муносабат билдирган халқаро тузилманинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини хоним бу Туркиянинг Евроиттифоққа қўшилишини имконсиз қилиб қўйишини айтди.

Шунингдек, 18 июль куни Австрия ТИВ раҳбари, ЕИнинг ташқи ишлар масалалари бўйича кенгаши раҳбари Себастьян Курц Туркияда ўлим жазоси тикланса, бу мамлакат ЕИ аъзолигига қабул қилинмаслигини билдирди.

"Биз Туркиядаги исённи қоралаймиз. Лекин ҳукумат бундай усулда қасос олмаслиги керак. Оммавий ҳибсга олишлар "ялпи тозалаш" бошланганини кўрсатмоқда", деган Италия ТИВ раҳбари Паоло Жентилони.