Гётце: Тан оламан, «Бавария»га ўтиб хато қилгандим
Марио Гётце «Боруссия» Дортмунд клубига қайтишидан кейинги илк сўзларини билдириб ўтди.
«2013 йилда «Боруссия»ни тарк этиб, «Бавария»га ўтганимда бу қарорни онгли равишда қабул қилганман. Бу ортда қолди.
Уч йил ўтди, мен энди 24 ёшдаман. Энди ортга қараб, ўшандаги қарорим бўйича фикрим ўзгарган. Мухлислар қароримни қандай қабул қилишганини жуда яхши тушуниб турибман. Агар бугун шундай вазият юзага келса, «Бавария»га ўтмаган бўлардим.
Мен уйга қайтдим ва ўз ўйиним билан барчани, айниқса менга қарши бўлганларни ҳам хурсанд қилмоқчиман. Мақсадим – энг яхши ўйинимни намойиш этиш.
Мен учун, мухлислар учун ва «Боруссия» учун» - дея Гётценинг сўзларини келтиради дортмундликлар жамоаси расмий сайти.
Бугун «Боруссия» собиқ футболчиси билан 4 йиллик шартнома тузганини эълон қилди. Унинг трансфери учун мюнхенликларга 26 млн евро тўланган.
Манба: Tribuna.uz