Сарлавҳани  ўқиб, “шаҳарлар ҳам ўлар эканми?”, деган саволни беришингиз мумкин. Бу ерда гап кўчма маънода кетмоқда.

Одамлар яшамаганидан кейин шаҳарлар ҳам “ўлади”. Бунга табиий офатлар – сув тошқинлари, қуюн, бўрон, тўфон, вулқон отилишлари, зилзилалар сабаб бўлади. Ҳозир биз табиий офатлар натижасида эмас, балки инсонларнинг таъсирида йўқ бўлиб кетаган шаҳар ва қишлоқлар ҳақида сўз юритамиз.

Россияда сув остида қолган шаҳарлар ҳақида гапириш мумкин. Бу рўйхатга Молога, Калязин, Корчева, Весьегонск, Пучеж, Спасск-Татарский, Бердск, Шагонар каби шаҳарларни киритиш мумкин. Бу шаҳарлар сув омборлари қурилиши муносабати билан сув остида қолган. Тўғри, шаҳар аҳолиси бошқа жойга кўчирилган. Масалан, Самара вилоятидаги Ставрополь қишлоқ аҳолиси сув омбори қурилганидан сўнг янги жойга кўчирилган. Бу жой ҳозирда Тольятти деб аталади. Ярослав вилоятидаги Молога аҳолиси ҳам тўғон қурилиши сабабли қўшни Рибинск ва Тутаев шаҳарларига кўчирилган. Молога аҳолиси ўз шаҳарларини унутишмаган. Улар ҳар йили август ойи ўрталарида чўкиб кетган шаҳарларини кемада зиёрат қилишни анъанага айлантиришган.

Калязин, Россия​
Тольятти, Самара

Таҳлилчиларнинг фикрича, йирик сув омборлари ва тўғонлар қурилиши муносабати билан ўнлаб қишлоқлар сув остида қолади. Масалан, хитойлик рассом ва суратчи Янг Йи ўзининг чўкиш арафасида турган қишлоғини суратларда акс эттиришга ҳаракат қилган. Унинг Чунцин вилоятидаги Кайсянь қишлоғи 2009 йилда йўқ бўлиб кетди. Бунга Янцзи дарёсига “Уч дара” номини олган жаҳонда энг йирик бўлмиш гидроэлектр станциясининг қурилиши сабаб бўлган. Мухбирларнинг сўзларига қараганда, ГЭС қурилиши оқибатида 1300 қишлоқ, 140 та посёлка ва 12 шаҳар сув остида қолган ёки йўқ қилинган. 1,3 миллион киши киндик қони тўкилган юртларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Янг Йи 1800 йиллик тарихга эга шаҳар ҳаётини 2005 йилда суратга олишга муваффақ бўлди.

Шаҳарсозликдаги хатоликлар ҳам бир қатор фожиаларга сабаб бўлади. Тайвандаги Саньчжи бунга мисол бўла олади. Бу шаҳар ўтган асрнинг 70-йилларида финляндиялик меъмор Матти Суронен лойиҳаси асосида қурила бошланади. Уйлар ҳудди учар ликопчага ўхшаб кетарди. Бироқ лойиҳа қиммат бўлгани боис қурилиш бошланди-ю ташланди. Барпо этилган бинолар сайёҳларни ўзига жалб қилаётган бўлишига қарамай, шаҳарга кутилганидан ҳам оз сайёҳлар ташриф буюрмоқда. 2008 йилда шаҳарни бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинди ва икки йил ўтиб бутунлай бузиб ташланди.