Руслан Чагаев WBA рейтингидан чиқарилди
25 июль куни Руслан Чагаевни супероғир вазн тоифасининг WBA (Regular) чемпионлик камаридан маҳрум қилган Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) уни рейтингидан ҳам чиқарди.
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) Чагаев ва унинг жамоасини Фрес Окендога қарши ўтказиладиган мажбурий ҳимоя жанги бўйича музокара ўтказмагани ва ташкилот сўровларига жавоб бермагани учун жазолади.
WBA бир неча маротаба Чагаевнинг жамоасига расмий мактуб йўллаб, Окендо билан музокаралар жараёнини бошлашни сўраган, аммо жавоб олмаган. Пуэрто-риколик даъвогар билан ҳимоя жанги ўтказиш бўйича музокаралар учун Чагаевга 120 кун муҳлат берилганди.
2014 йилнинг июлида Чагаев Окендо устидан ғалаба қозонган, аммо пуэрто-риколик спортчининг жамоаси жанг шартномасининг бузилишини рўкач қилиб, реванш учрашувининг ўтказилишига эришганди.
Руслан Чагаев Лукас Браун билан чемпионлик жангини 5 март куни Грозний шаҳрида ўтказганди. Унда ўзбекистонлик боксчи рақибига 10-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлганди.
Май ойида австралиялик 37 ёшли Лукас Брауннинг допинг учун топширган такрорий тест намуналарида тақиқланган кленбутерол моддаси борлиги аниқланди ва у чемпионлик камаридан маҳрум этилиб, унинг камари Чагаевга қайтарилди.