Руслан Чагаевнинг турмуш ўртоғи унинг боксдан кетиши сабабини айтди
Руслан Чагаев боксчилик фаолиятини якунлагани ҳақидаги маълумот унинг рафиқаси Виктория Чагаева томонидан ҳам тасдиқланди. Бу ҳақда iSport.uа хабар берди.
«Шукрки, унинг соғлиги жойида. Шунчаки, Руслан бошқа бокс тушгиси келмаётганини англади ва фаолиятини якунлашга қарор қилди. У Браун билан жангдан кейиноқ рингдан кетишини айтганди. У боксдан чарчади ва энди рингга қайтмоқчи эмас», — деган Виктория Чагаева.
Бундан олдинги хабарларда боскчининг кўзидаги муаммо уни фаолиятини тўхтатишга мажбур қилгани ҳақида айтилганди.
37 ёшли Чагаев WBA йўналишида 2007-2009 йиллар давомида оғир вазн тоифасида чемпион бўлиб турган.
У профессионал рингдаги илк жангини 1997 йили ўтказган. У шу вақтгача 38 марта рингга тушиб, 34 ғалаба, бир дуранг ва 3 мағлубият қайд этган. Унинг охирги жанги 2016 йилнинг 5 мартида австралиялик Лукас Браунга қарши кечган жанг бўлиб қолди.