Жамият | 18:14 / 05.08.2016
13792
2 дақиқада ўқилади

Барак Обаманинг қизи ишга кирди

АҚШ президенти Барак Обаманинг қизларидан бири ўзига иш топди. Hello нашрининг ёзишича 15 ёшли Саша ёзги таътилдан фойдаланиб Массачусетс штатидаги Мартас-Винъярд оролида жойлашган Nancy's ресторанида ишлай бошлаган.

Бу ресторанда у официант сифатида мижозларга хизмат қилмоқда. Яъни, у столлардан идишларни йиғиштириб олиш ва буюртмалар қабул қилиш билан шуғулланади.

Сашанинг хавфсизлигини таъминлаш учун махфий хизмат ходимлари қўриқчи сифатида бириктирилган, лекин Обаманинг қизи ўзини мутлақо эркин ҳис қилиши таъминланган. Улар ресторан яқинидаги машинада навбатчилик қилади.

Boston Herald нашрининг ёзишича, Саша (уни оиласида шундай аташади, тўлиқ исми Наташа) Обама ўз иш жойига 6 киши ҳамроҳлигида келган.

"У биринчи қаватда, озиқ-овқатлар сотиладиган бўлимда ишлаяпти. Биз аввалига унга нега 6 киши ёрдам бераётганини тушунмагандик, лекин кейинроқ унинг кимлигини билдик", - деган Сашанинг ҳамкасбларидан бири.

Оқ уйдагилар ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмаган. Лекин Сашанинг онаси Мишель Обама бироз олдинроқ ўз қизларини оддий фуқаролар қатори тарбиялашни исташи ҳақида айтиб ўтганди.

Nancy's ресторани балиқли таомлари билан машҳур. Обамалар оиласи Мартас-Винъярдга ёзги таътилни ўтказиш учун келганида бу ресторанга кўп марта ташриф буюрган.

Мавзуга оид