NASA Марсда сув борилиги ҳақида маълум қилганда, бу янгилик ҳаммани лол қолдирган. Ўшандан буён кўплаб кашфиётлар қилинди, улар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали бериб борилди. Ҳозирги пайтда Қизил сайёрада иккита Марс роверлари фаолият олиб бормоқда. Марсни уч орбита қурилмаси назорат қилмоқда. Бундан ташқари самовий қўшнимизга яна иккита зонд йўл олмоқда. Биз сайёрада олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақидаги маълумотларни бериб боришда давом этамиз. 

 

Марсда ҳаёт борлигидан далолат берувчи жинс топилди

Импактитлар – метероритлар қулаши натижасида ҳосил бўлган тоғ жинслари. Улар кўпинча тошлар, минераллар, шиша ва кристалл таркибдан иборат. Ердаги энг машҳур импактит манбалари – Невада саҳросидаги (АҚШ) Аламо кратери ва Тасманиядаги Дарвин кратери. Ўтган йили NASA Марсда улардан яна бирини топди . 

NASA’нинг Mars Reconnaissance Orbiter космик аппарати Қизил сайёранинг бир неча кратерларида импакт шиша қолдиқларини топди. Бир йил аввал эса олим Питер Шульц Аргентинада топилган худди шундай таркибли импакт шишани кўрсатган эди, унда ўсимликлар ва органик молекулалар қисмлари бўлган. Бу эса Марс импакт шишаси ҳам қадимий ҳаёт илдизларини ўзида мужассам қилган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. 

Олимлар учун кейинги қадам ушбу импакт шишадан намуна олиш бўлади. Текширувга номзодлар орасида биринчиси – Харгрейвз кратери, янги Марс роверининг 2020 йилда тахминий қўнадиган жойи.

 

Учиб ўтувчи кометалар Марс магнитосферасини “силкитмоқда”

2014 йилнинг сентябрида MAVEN (Mars Atmosphere and Volatile EvolutioN) космик аппарати Марс орбитасига чиқди. Атиги бир неча ҳафта ўтиб, зонд ноёб ҳодисанинг гувоҳи бўлди – учиб ўтаётган комета Қизил сайёрага жуда яқин келди.

Сайдинг-Спринг номи билан машҳур бўлган C/2013 A1 кометаси 2013 йилда топилган. Дастлаб олимлар унинг Марсга тушишини тахмин қилишганди, аммо икки объект 140 000 километр масофада бир-биридан узоқлашган. 

Тадқиқотчиларни бундай яқинлашиш натижасида ҳосил бўлиши мумкин бўлган эффектлар қизиқтириб қўйди. Марснинг магнитосфераси заиф бўлгани боис, олимлар кометанинг яқинлашиши натижасида унинг барқарорлигига таъсир кўрсатувчи ионларнинг кучли отилиши содир бўлганини таъкидлашди. NASA бу эффектларни кучли, лекин қисқа муддатли қуёш бўронлари билан қиёслади. Комета яқинлашганда унинг магнит хусусияти кучайгани туфайли Марснинг магнит майдонини буткул хаос қамраб олди.