Иқтисодиёт | 09:41 / 11.08.2016
5988
1 дақиқада ўқилади
Хитой табиий газ импортини 5 мартага оширмоқчи
ХХР ҳукумати 2030-йилга келиб, табиий газ импортини 190-270 млрд куб метрга етказиш ниятида. 2015-йилда бу рақам 53 млрд куб метрни ташкил этган эди. Бу ҳақда, Хитой миллий нефтгаз корпорацияси (CNPC) сайтида хабар қилинган.
«Хориждан газ харид қилиш ҳажмини кўпайтириш билан Хитой ёқилғининг экологик тозароқ манбаларига ўтиш имконига эга бўлади. Бу жараён, мамлакат саноатини қайта шакллантириш ва иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг муҳим қисми ҳисобланади», — дейилади CNPC хабарида.
Экспертларнинг фикрича, Хитойнинг газ импортини кўпайтиришига Пекин ва Вашингтон ўртасидаги келишув асос бўлган. Унга кўра, томонлар яқин йигирма йилда ис газини чиқариш ҳажмини қарийб учдан бирга қисқартириш мажбуриятини олган.