Mercedes-Benz улкан концепт-купе яратди
Германиянинг Mercedes-Benz компанияси янги концептуал купесининг суратини намойиш этди. Немис автомобилсозлик компаниясининг қайд этишича, прототип купенинг габарит узунлиги салкам 6 метрни ташкил этади. Унинг бошқа кўрсаткичлари ҳақида маълум қилинмаган.
Намойиш этилган суръатда компаниянинг Maybach савдо белгиси кўзга ташланади. У, кузов орқа томонининг ёнига жойланган. Ҳозирча, ушбу савдо белгиси билан Mercedes-Benz компаниясининг ҳашаматли S-таснифида ягона модел ишлаб чиқарилади.
Қайд этиш жоиз, шу пайтга қадар, Mercedes-Benz компанияси узунлиги 6 метрни ташкил этувчи купе ишлаб чиқармаган. Биргина S-Class Coupe моделининг габарит узунлиги 5027 ммни ташкил этган.
Autocar журналининг хабарига кўра, концептнинг тақдимоти Американинг Пеббл Бич масканида 21-августда бўлиб ўтадиган нафислик танловида бўлиб ўтади. Концепт-кар эса, Maybach мутахассисларининг иқтидорини намойиш этиши лозим.
Аввал ҳам, Mercedes-Benz компанияси Maybach машиналари турини кўпайтиришни режалаштираётгани ҳақида бир неча маротаба хабар қилинган эди. Тахминларга кўра, E-таснифи ва GLS йўлтанламаслари қатори янги модификациядаги моделлар билан тўлдирилиши мумкин.