Microsoft "дунёдаги энг сокин уй"ни қурди
Business Insider муҳаррири Мэтт Вайнбергер сайёрамиздаги энг сокин жой — Microsoft'нинг овозни ичкаридан ютувчи акс-садосиз хонасини зиёрат қилиб, Windows ишлаб чиқарувчиларининг лойиҳасидан ҳайратга тушди. "Мен дунёдаги энг сокин хонада 5 дақиқа вақт ўтказдим ва ақлдан озишимга озгина қолди", — дейди ўз таасуротлари билан ўртоқлашиб журналист.
Сирли мўжазгина хона Microsoft кампусидаги Building 88 тажрибалар лабораторияси биносининг ички қисмида жойлашган. Ўтган йилнинг сўнгида у Гиннесc рекордлари китобига сайёрадаги "энг сокин" жой деб киритилган.
Хона ичидаги шовқин даражаси рекорд кўрсаткични қайд этади –20,35 децибел. Microsoft таъкидлашича, бир-бирига урилиб ҳаракатланадиган ҳаво заррачалари туфайли хонани янада сокин қилишнинг имкони йўқ. Вайнбергер сўзларига кўра, ташқи шовқиндан бутунлай изолация қилинган хонада гапириш жуда ҳам қийин: "сиз ўзингизни худди ёстиқ остида бақираётгандек ҳис қиласиз".
Microsoft ўз маҳсулотларини такомиллаштириш учун аудиолабораториядан фойдаланади. Мисол учун, фойдаланувчи бошқа хона бурчагидан Windows-қурилмани ишлатмоқчи бўлганида мазкур лаборатория Cortana овоз ёрдамчисининг тинглаш қобилиятини кучайтириши мумкин. Шунингдек, Surface-планшет ва ноутбуклар учун илғаб бўлмас сигналларни сезишга ўргатади.