Audi компанияси ўз моделларини йўл чироқларини тушунишга ўргатмоқда
Германиянинг Audi компанияси Q7 йўлтанламаси, A4 седани ва A4 allroad моделининг 2017-йилги русумига йўл чироқларини кузатувчи тизимни жойлаштирди.
Ушбу тизимли машиналарни шу йилнинг куз мавсумидан бошлаб АҚШнинг бир неча шаҳарларидаги кўчаларда кўриш мумкин бўлади. Машина электроникаси шаҳар йўл ҳаракатини бошқариш тизимидан маълумот олади. Ахборот автомобилга ўрнатилган LTE стандарти бўйича ишлайдиган қурилма ёрдамида қабул қилинади.
Audi транспорт воситаларининг приборлар панели ва йўл чироқларини кузатувчи тизими ўрнатилган проекцион дисплейларида светофорларнинг ишлаши хусусида маълумот пайдо бўлади. Масалан, яшил чироқ ёнишига қолган вақт хусусида билиб олиш мумкин.
Келгусида янгилик навигатор ва «старт-стоп» тизими билан бирга жиҳозланади. Бу эса, ёқилғини тежаш ва йирик шаҳарлардаги йўл ҳаракати билан боғлиқ тирбандликни ҳал этишда ёрдам беради.