Россия қўшинлари 18 сентябрга ўтар кечаси Украинанинг бир қатор ҳудудларига учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳужум қилди, деб хабар бермоқда DW Украина расмий идоралари маълумотларига таяниб.
Суми вилоятининг Конотоп шаҳрига берилган зарбалар оқибатида болалар боғчаси, мактаб ва тиббиёт муассасаларига зарар етган. Шунингдек, хусусий турар жойлар, газ тақсимлаш тармоғи, кичик бизнес корхоналари, электр узатиш линиялари ва темир йўл инфратузилмаси шикастланган.
Конотоп мэри Артём Семенихиннинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида икки аёл жабрланган. Газ тақсимлаш тармоғига зарар етгани сабабли шаҳарнинг бир қисми газ таъминотисиз қолган.
Запорижжяда савдо мажмуаси вайрон бўлди
17 сентябрь куни кечқурун Россия қўшинлари Запорижжядаги савдо мажмуасига ҳам зарба берган, деб хабар қилди маҳаллий ҳокимият.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, зарбадан кейин йирик ёнғин чиққан ва савдо мажмуаси вайрон бўлган. Бир киши жароҳатланган.
Қутқарувчилар 10 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни қамраб олган ёнғинни ўчирган. Украина қутқарув хизматига кўра, такрорий зарбалар хавфи туфайли ёнғин ўчирувчилар бир неча бор ишни тўхтатиб, бошпаналарга чекинишга мажбур бўлган. Кейинчалик авария-қутқарув ишлари якунланган.
Киевда ҳам бир киши жароҳатланди
Украина пойтахти Киев ҳам кечқурун дронлар ҳужумига учраган. Шаҳар мэри Виталий Кличко маълумотига кўра, Подол туманида учувчисиз аппарат нотурар бинога зарба берган.
Ҳужум оқибатида бир эркак жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган.
Украина: Россия 93 та дрон учирди
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия тунги ҳужум давомида Украинага жами 93 та учувчисиз учиш аппаратини учирган.
Украина томони улар орасида Shahed туридаги зарба берувчи дронлар, реактив учувчисиз аппаратлар, «Гербера» ва «Пародия» каби нишонни чалғитувчи аппаратлар, шунингдек, «Бандероль» ва «Дань-Т» туридаги воситалар бўлганини билдирган.


















