"Миллион" гуруҳи саҳнага қайтмоқда
Бир неча йиллар муқаддам ўз кўнгилочар томошалари билан мухлислар эътиборини қозонган "Миллион" гуруҳи яна катта саҳнага қайтмоқда.
Жамоа етакчиларидан бири Даврон Кабулов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бу ҳақда маълум қилган.
"Кутганмидингиз? Биз келяпмиз. Синов берганига, ечими билан берганига Аллоҳга беҳисоб шукр!", дейилади унинг Инстаграмдаги саҳифасида.
Илова қилинган суратда 15-18 сентябрь кунларида "Истиқлол" санъат саройида гуруҳнинг концерти бўлиб ўтиши кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, «Миллион» жамоаси сўнгги бор 2014 йил апрель ойида концерт берган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, концерт видеодисклари чиққанидан сўнг, гуруҳ саҳнага олиб чиққан кўплаб ҳазиллар жамоатчилик томонидан кескин танқидга учради.
Кейинроқ, 2014 йил сентябрида эса «Миллион» қизиқчилар жамоасининг концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензияси «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан тугатилган эди.