Беш киши очиқ океанда деярли уч ой сузиб юрганидан сўнг тирик топилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Июль ойи охирида 9 киши қайиқда Микронезиядаги Мурило оролидан қўшни Руо оролига йўл олган эди. Йўл тахминан бир соат вақт олиши керак эди, аммо қайиқ бўронга дуч келиб, очиқ денгизга оқиб кетган. Қидирув ишлари бир неча ҳафта — 9 августгача давом этди, бироқ натижа бермади.
1 ноябрь куни қайиқни Кирибати таркибига кирувчи Фаннинг ороли аҳолиси пайқаб қолди. Оқим уни бу вақт ичида тахминан 5,5 минг километр узоқликка олиб кетган. Қутқарилганларга (улар орасида икки нафар бола ҳам бор) маҳаллий черков пастори бошпана берди, шундан сўнг уларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Кирибатилик депутат уларни даволаш учун имкон қадар тезроқ энг яқин йирик аҳоли маскани — Киритиматига олиб ўтишни тавсия қилди.
Қолган тўрт йўловчининг тақдири ҳозирча номаълум. Микронезиялик сиёсатчи Александр Наррун қутқарув ишларида қатнашган барчага миннатдорчилик билдирди ва бедарак йўқолганлар ҳақига дуо қилишда давом этишаётганини маълум қилди. Шунингдек, у Микронезия президентидан омон қолганларни ватанига қайтариш бўйича Кирибати ҳукумати билан музокараларни бошлашни сўради.
Қутқарилганлар шунча вақт қандай жон сақлаб қолишганини ҳозирча гапириб бермади ва шахсий ҳаётини ҳурмат қилишни сўради.












